11:58 / 24.07.2019
7678

Ўзбекистон Мўғулистон билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қарор қилди

Мўғулистон / Фото: Gilles Sabrie

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Мўғулистон Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Мўғулистон Республикаси билан иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қуйидаги чора-тадбирлар тўғрисидаги таклифлар маъқулланиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Мўғулистон Республикаси ўртасида ҳаво йўллари ва бошқа транспорт коридорларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикасидан Мўғулистон Республикасига қуруқ ва ҳўл меваларни, полиз, узум ва бошқа маҳсулотларни етказиб беришни йўлга қўйиш;

Мўғулистон Республикасидан Ўзбекистон Республикасига гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда бошқа зарур турдаги хом-ашёларни олиб келишни ташкил этиш.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси Мўғулистон Республикасига ҳаво йўллари коридорини ташкил этади ҳамда маҳсулотларни ташиш ва ушбу давлатдан гўшт ва гўшт маҳсулотларини олиб келишда кўрсатиладиган хизматларни мақбул нархларда амалга оширади.

Транспорт вазирлиги Мўғулистон Республикасига маҳсулотларни экспорт қилиш, шунингдек ушбу давлатдан гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳамда бошқа зарур турдаги хом-ашёларни махсус транспортлар орқали олиб келишни ташкил этади.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган қуруқ ва ҳўл мевалар, мева шарбатлари ҳамда бошқа маҳсулотларни Мўғулистон Республикасига экспорт қилувчи ва ушбу давлатдан гўшт олиб келувчи корхоналар рўйхати маъқулланади.

Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси президенти Администрацияси ва Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ушбу қарор иловасидаги корхоналар рўйхатига тегишли ўзгартиришлар киритишга рухсат берилади.
 
Белгиланишича, Мўғулистон Республикасидан олиб келинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотлари ҳисобидан:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси давлат захираси учун қабул қилади;

республика бюджет ташкилотлари, ижтимоий соҳа ва махсус объектларнинг эҳтиёжи таъминланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираларини бошқариш қўмитаси давлат захираси учун гўшт қабул қилиш юзасидан иловага мувофиқ корхоналар билан Мўғулистон Республикасидан гўшт олиб келиш бўйича шартномалар тузади.

Молия вазирлиги Мўғулистон Республикасидан олиб келиниб республика бюджет ташкилотлари, ижтимоий соҳа ва махсус объектларга етказиб берилган ҳамда давлат захирасига қабул қилинган гўшт ва гўшт маҳсулотлари учун тўловларни ўз вақтида амалга оширади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2019 йил 1 августдан бошлаб икки йил муддатда Мўғулистон Республикасига маҳсулотларни экспорт қилиш ҳамда импорт учун сарфланган транспорт харажатларининг 50 фоизи миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади. 

Белгилаб қўйилишича, Мўғулистон Республикасидан импорт қилинадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларига 10 фоиздан юқори бўлмаган устама белгилашга рухсат этилади.

Top