Жаҳон | 10:43 / 27.07.2019
4297
3 дақиқада ўқилади

Америкада Apple маҳсулотларига ҳам бож ва бошқа имтиёзлар берилмайди

Фото: Shannon Stapleton / Reuters

Америка Apple корпорациясининг Хитойда ишлаб чиқарилган маҳсулотлари учун бож тўловлари масаласида истисно қилишни режалаштирмаяпти. Яъни, эндиликда, гарчи Apple Америка миллий бренди ҳисобланса-да, унинг Хитойда ишлаб чиқарилган электрон маҳсулотларини Америкага олиб киришда бож тўловлари тўланади. АҚШ етакчиси Twitter саҳифасида шундай баёнот қолдирди. 

Бундан аввал, компания ўзининг Mac Pro профессионал компьютер ишчи станцияси ишлаб чиқишни АҚШдан Хитойга кўчирган эди.  

«Apple’га Хитойда ишлаб чиқариладиган Mac Pro эҳтиёт қисмлари учун бож ва имтиёз масаласида истисно тақдим этилмайди. Уларни АҚШда божларсиз ишлаб чиқаринг!» – деб ёзган Америка раҳбари. 

The Wall Street Journal нашри ёзганидек, Apple Тайванда жойлашган Quanta Computer пудратчиси билан келишувга эришган. У ўзининг Шанхай яқинидаги заводида Mac Pro компьютерларини ишлаб чиқаради. Чакана нархи 6 минг доллар турувчи Mac Pro профессионал компьютери Apple компаниясининг шу вақтгача АҚШ ҳудудида ишлаб чиқилган ягона маҳсулоти эди. Эндиликда, Калифорния корпорацияси Quanta Computer ХХРда, осиёлик таъминотчиларига яқин жойлашгани боис, харажатларни сезиларли камайтириши мумкин. 

Шу билан бирга, Япониянинг Nikkei газетаси, Apple Хитой ва АҚШ ўртасида савдо тортишувлари кучайиб бораётгани туфайли, ўзининг 15-30 фоиз ишлаб чиқариш қувватларини бошқа давлатга кўчириш масаласини кўриб чиқаётгани ҳақида ёзган эди. 

Бундан ташқари, Google компаниясининг АҚШ ҳукумати билан эҳтимолий ҳамкорлиги Америка миллий хавфсизлиги масаласи борасида ташвишланишга сабаб бўлиши мумкин. Ҳукумат бу масалани ўрганиб чиқади. Оқ уй етакчиси Twitter саҳифасида худди шундай фикрни билдирди. 

«Миллий хавфсизлик масаласидаги ташвишланиш Google ва унинг Хитой билан муносабатларига нисбатан ҳам қўлланилиши ёки қўлланилмаслиги мумкин. Муаммо борлигини биз аниқлаймиз. Ишонаманки, муаммо йўқ!» - деб ёзди президент Трамп.

Маълумки, Америка раҳбари АҚШ маъмурияти PayPal тўлов тизими ҳамасосчиларидан бири, тадбиркор Питер Тилнинг Google компанияси Хитой ҳукумати билан ҳамкорлик қилишига доир баёнотини ўрганиб чиқишини айтган эди. 

Аввалроқ, Тиль Google компанияси Пекин ва хитойлик ҳарбийлар билан ҳамкорлик қилиши хусусида баёнот бериб, АҚШни суриштирув ўтказишга чақирган эди. Бунда Google Хитой Қуролли кучлари билан ҳамкорлик қилаётганига доир ахборотни инкор этганди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид