18:44 / 27.07.2019
14468

«Автобусдаги кондиционерлар нега ишламайди?» 

Ёзнинг жазирама кунларида барча кондиционер билан жон сақлаяпти. Офтобнинг тафти айниқса, асфальт йўлларида жуда яхши билинади. Йўловчиларига қулайлик яратиш учун шаҳар кўчаларида янги русумдаги автобусларга кондиционер ўрнатилган. Йўловчи ташувчи автобуснинг баъзилари бу қулайликка эга бўла туриб, нима сабабдан кондиционерни ишлатмаётгани жамоатчиликни қизиқтирмоқда.

Бу йилги ёз нисбатан жазирамали бўлди. Тошкентдаги бир нечта ўрта сиғимли Saz Le 60ва MAN русумли автобусларга эса кондиционер ўрнатилган.

«Бугунги кунда 1300дан зиёд автобус бўлиб улардан 1200таси ҳар куни юртимиз аҳолиси учун хизмат қилади. 2018 йилнинг охири ва жорий йилнинг бошида 160та янги автобуслар келтирилди. Уларнинг барчаси кондиционер билан таъминланган. Ҳозирда кондиционери бор автобуслар 10 фоизни ташкил этади. Албатта, кўрсаткич паст натижани қайд этади. Бироқ бу янги жараёнга ўтишнинг — дастлабки босқичи. Кейинги йиллар давомида кўрсаткич ўсиб боради. Кондиционерларнинг баъзилари ишламаслигига бир қанча сабаблар бор. 7-8 автобусларда техник носозлик қайд этилди. Бу муаммони бартараф этилиши учун ишлаб чиқарувчи жавоб беради. Яна бир сабаб, йўловчилар ўртасидаги тортишувлар. Аксарият кекса йўловчилар саломатлиги туфайли кондиционерни ишлатилмаслигини сўрайди. Бу яқинда жуда катта тортишувга ҳам сабаб бўлди. Бизга берилган регламентга кўра, ҳаво ҳарорати 30 градусдан ошганда, ҳайдовчи кондиционерни ёқиши шарт. Ёқмаганида йўловчи ишонч рақамларига қўнғироқ қилиши мумкин. Ўтказилган текширувларга кўра, баъзи ҳайдовчилар ёқилғини тежаш мақсадида ҳам, ҳаво совитувчи мосламани ёқмагани маълум бўлди. Лекин муаммо бартараф этилиб, уларга алоҳида қўшимча ёқилғи берилиши йўлга қўйилди», — дейди «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати бошлиғи Равшан Ёқубжонов.

Йўловчилар ўртасида баъзи тушунмовчиликлар мавжуд. Масалан, янги русумдаги кўринишга эга бўлган автобусларнинг барчасида ҳам кондиционерлар мавжуд эмас. Автобуслар икки босқичда келтирилган. 2017 йил келтирилган MAN русумли автобусларда кондиционерлар йўқ. Иккинчи босқичда келтирилган автобусларнинг барчасига ўрнатилган. Бундан кейин келтириладиган автобусларда ҳам бўлади.

Суратда биринчи турган MAN русумли автобус ва у кондиционер билан жиҳозланмаган. Иккинчи бўлиб турган автобус эса, 2019 йил бошида келтирилган кондиционер билан жиҳозланган автобус.

Бу ўрта сиғимли Saz Le 60 русумидаги кондиционерли автобус.

Маълумот учун, 93, 17, 24, 38, 101, 94, 131, 88 йўналишидаги MAN русумли автобуслар ва 13т, 9т,  83, 149, 84, 18, 67, 62, 64 ўрта сиғимли Saz Le 60 русумидаги автобуслар кондиционер билан жиҳозланган.

Озода ВАЛИЕВА

Top