08:24 / 30.07.2019
20971

«Сурхон» инқироз ёқасида. Бахтиёр Ашурматов ҳам истеъфога чиқди

Фото: Tribuna.uz

«Сурхон» клуби бош мураббийи Бахтиёр Ашурматов истеъфога чиқди.

43 ёшли мутахассис ўз аризасига кўра клубни тарк этган. 

Ашурматов шу йилнинг июнь ойида «Сурхон» бош мураббийи қилиб тайинланган эди. У термизликларни атиги 1 ой давомида бошқарди холос. Унинг қўл остида жамоа 2та ўйин ўтказиб, «Насаф»га 0:2 ва 1:3 ҳисобида ютқазди.

«Сурхон» клуби матбуот хизмати хабарига кўра, 31 июль куни Ўзбекистон Суперлигаси 15-тури доирасида «Бунёдкор»га қарши баҳсга жамоани ёшлар таркиби мураббийи Владимир Андреев тайёрлайди.

Tribuna.uz манбасининг маълумотига кўра, Ашурматовнинг истеъфоси майдондаги натижаларга боғлиқ эмас. Айни пайтда «Сурхон» клуби жуда мураккаб молиявий вазиятга тушиб қолган. Жамоа мураббийлар штаби ва футболчилардан жуда катта миқдорда қарздор бўлган. Натижада, улар «Сурхон» клуби раҳбарияти устидан ПФЛга шикоят қилишган. Агар жамоа яқин орада қарзлардан қутулмаса, Суперлигадан тушириб юборилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, мавсум бошида Термиз клубига Илҳом Мўминжонов бош мураббий бўлган, аммо у ЎФА томонидан 1 йилга дисквалификация қилингач, ўрнини вақтинчалик Анвар Солиев эгаллаганди. Бироз вақт ўтиб, Солиев спорт директори лавозимига ўтиб, Андрей Микляев бош мураббий этиб тайинланган эди.

Микляев эса июнь ойида қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилиб, унинг ўрнини «Бухоро»дан кетган Бахтиёр Ашурматов эгаллаганди.

Қайд этиш керакки, ўтган мавсумда ҳам термизликлар клубида тўрт марта мураббий алмашганди: Дилшод Нуралиев, Игорь Шквирин, Рустам Мирсодиқов ва Рифат Акрамхўжаев.

Top