Ўзбекистон | 14:22 / 30.07.2019
70851
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг қайси вилоятларида ишсизлик даражаси энг юқори экани айтилди

Фото: KUN.UZ

2019 йилнинг январь-июнь ойларида Ўзбекистонда ишсизлик даражаси 9,1 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар тарқатди.

Билдирилишича, Қашқадарё, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида энг юқори ишсизлик даражаси қайд этилди – 9,4 фоиз, энг кам кўрсаткич эса - Тошкент шаҳрида (7,7 фоиз).

Бандлик тизимида иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони ўсгани ва норасмий сектордаги бандликнинг камайганлиги кузатилмоқда, дейилади вазирлик маълумотида. Хусусан, иқтисодиёт соҳаларида банд бўлганларнинг умумий сони 13 408,4 минг кишига етди, бу 2018 йилнинг январь-июнь ойларидаги кўрсаткичга қараганда 1,4 фоизга кўпроқдир. Бунда иқтисодиётнинг расмий секторида банд бўлганлар сони Ўзбекистон тарихида биринчи марта 326,3 мингга ёки 6,2 фоизга ортиб, 5 593,6 минг кишига етди. Норасмий секторда банд бўлганлар сони эса аксинча, 137,7 мингга ёки 1,7 фоизга камайиб, 7 814,8 мингни ташкил этди. 

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига ишга жойлаштиришда ёрдам сўраб 404 569 нафар шахс мурожаат қилган бўлиб, улардан 138 173 нафарини 16-30 ёшгача бўлган шахслар ташкил этди. Мурожаат қилганлардан 167 713 нафари ишга жойлаштирилди, 139 679 нафари жамоат ишларига жалб қилинди, 10 085 нафари касбга қайта ўқитишга йўналтирилди, 31 938 нафар шахсга ишсизлик нафақаси тайинланди.

Ўтган вақт давомида туман ва шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан иш берувчи ва ишсиз фуқаролар мурожаати бўйича 2 141,8 млн. сўмлик субсидиялар берилди, натижада 2 493 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланди.

Мавзуга оид