Ўзбекистон | 08:10 / 31.07.2019
14560
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда икки йил аввал тузилган парламент комиссияси тугатилади

Фото: parliament.gov.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда тегишли равишда қуйидаги қонунларнинг лойиҳаларини ишлаб чиқади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади:

а) қуйидагиларни назарда тутувчи “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги лойиҳа:

– одам савдоси қурбонларини халқаро стандартларга мувофиқ идентификация қилиш механизмини белгилаш;

– одам савдоси қурбонларини қайта йўналтиришнинг миллий механизмини жорий этиш;

б) болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилганлик учун жавобгарлик нормасини белгилайдиган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги лойиҳа.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда Миллий комиссиянинг расмий веб-сайти ишлаб чиқилиши ва фаолият юритишини таъминлайди;

Миллий комиссия билан биргаликда, шу жумладан, хорижий оммавий ахборот воситалари ва интернет-ресурсларда кенг ахборот-тарғибот ишларини ташкил этиш чора-тадбирларини амалга оширади, бунда давлат органларининг раҳбарлари ва жамоатчилик вакилларининг чиқишлари назарда тутилади ҳамда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича брифинглар, интернет-конференциялар, телевизион кўрсатувларда уларнинг иштирок этишларини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг халқаро меҳнат нормалари қўлланилишига кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сон Конвенциясини (Женева, 1976 йил 21 июнь) ратификация қилганлиги ҳамда Ижтимоий-меҳнат масалалари бўйича республика уч томонлама комиссияси ташкил этилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ўн кун муддатда Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини амалга ошириш бўйича Республика идоралараро комиссиясининг фаолиятини тугатиш тўғрисида ҳукумат қарорини қабул қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича Парламент комиссиясини тугатиш тавсия этилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид