Сенат раиси ва вазир Риштондаги оммавий ҳашар бўйича муносабат билдирди
Халқаро пресс-клубнинг бугунги мавзуси одам савдоси «Ўзбекистонда одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашишнинг янги тизими: халқаро ҳамкорлик, устувор вазифалар ва муаммолар таҳлили» ҳақида бўлди.
Тадбир давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Шерзод Кудбиев Фарғона вилоятининг Риштон тумани ҳудудида одамлар оммавий ҳашар ва мажбурий меҳнатга жалб қилинаётгани ҳақида тарқалган хабарлар бўйича ўз мулоҳазаларини билдирди.
«Ҳашар – бу урф-одат. Лекин, минглаб одамлар мажбурий тарзда сафарбар қилиниши ҳашар эмас. Бундай ҳашарлар давлат сиёсатига тўғри келмайди. Мажбурий йўл билан қилинган иш бизга керак эмас. Ҳашар бу президент, ҳукумат қарори билангина жорий этилади. Ҳашарга чиқмагани учун ойлигини бермаслик, ишдан ҳайдаш, ходимни камситиш ҳолатларига йўл қўймаймиз.
Яқинда мажбурий меҳнатга алоқадор ишлар жиноий жавобгарликка тортилиши жорий қилиниши кутилмоқда. Айни шу вақтда мажбурий меҳнат содир этилса, унга биз энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари билан жазо тайинлаймиз, холос. Бу 600 минг сўмга тенг», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Вазир сессиянинг савол-жавоб қисмида ҳам Риштондаги оммавий ҳашар масаласига тўхталиб ўтилди.
«Қонун ҳамма учун баробар. Бизга назорат сифатида ўрнатилган вазирликка ҳам, ўша Риштондаги ишларни ташкил қилганларга ҳам. Шунингдек, уларнинг ҳам ҳуқуқлари бор. Текширув охиригача етмай туриб бир нарса дейиш қийин. Биз бу ҳақида сайтимизда ҳам келтириб ўтдик. Фақат биз ҳолатга эмас, ЎзА сайтидаги мақолага муносабат бердик. У ерда «мана шу, мана шу ташкилотлардан ҳашар қилиб олиб чиқдик», деб ёзилган. Агар шу ҳолатлар тасдиқланса, бу мажбурий меҳнат деб ҳисобланади.
Ҳудуд раҳбарларининг бунга ҳаққи йўқ эди. Бу масала бўйича махсус гуруҳ ишламоқда. Вазир ўринбосари бошчилигидаги гуруҳ Фарғона вилоятига йўл олган. Биз буни кўриб чиқамиз. Агар мажбурий меҳнат тасдиқланса, ваколатимиз доирасида жазо қўллаймиз. Ваколатимиздан ортиқ бўлса, Бош прокуратурага жўнатамиз», дейди вазир.
Вазирнинг сўзларига Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам қўшимча қилиб ўтди.
«Сенат ҳам шу масалани алоҳида ўз режасига киритди. Сенат қўмитасида бу масала танқидий кўриб чиқилади. Ҳокимлик бўладими, бошқасими, ким мажбур қилган бўлса ўрганиб, Сенат ҳам ўз позициясини билдиради», дея таъкидлади Танзила Норбоева.
Эслатиб ўтамиз, ЎзА сайтида эълон қилинган «Риштонда уйи бузилишга тушган ҳар бир оилага кўмак берилмоқда» сарлавҳали мақолада 27-28 июль кунларида Фарғона вилоятининг Риштон туманидаги ободонлаштириш ва қурилиш ишларига вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 13562 нафар ҳашарчи жалб қилингани ҳақида хабар берилганди.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ушбу мақолага муносабат билдириб, бу каби тадбирлар ўтказилиши меҳнат қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш ҳамда оммавий мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳисобланишини маълум қилди.
Мавзуга оид
16:12 / 22.11.2024
Танзила Норбоева Россияда МДҲ давлатлари Парламентлараро Ассамблеясида иштирок этди
13:56 / 19.11.2024
Танзила Норбоева Сенат раиси лавозимига қайта сайланди
13:10 / 17.11.2024
Ўзбекистон парламенти аъзолари Бокуда ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференцияда иштирок этди
22:55 / 16.11.2024