Жамият | 20:00 / 01.08.2019
16623
3 дақиқада ўқилади

Урганчда тест имтиҳонлари бошланди – Kun.uz жараённи кузатди

29 июль куни Хоразм вилояти маркази Урганч шаҳрида олий таълим муассасаларига кириш учун тест имтиҳонлари бошланди.

Абитуриентлар «Ёшлик» спорт-мажмуасининг катта павильони ва 2 та биносида, 2 та сменада тест имтиҳонларини топширмоқда. Жараён ҳар доимгидек ҳуқуқ тартибот идоралари ва Давлат тест маркази томони ходимлари томонидан қаттиқ назорат остида кечмоқда.

Абитуриентлар тест топшириладиган бинога киришда уч босқичли текширувдан ўтказиляпти. Имтиҳонга шпаргалка, телефонлар ва бошқа техник воситаларнинг олиб кирилишига йўл қўйилмаяпти.

Бундан ташқари, ҳар бир абитуриент шахси махсус тизим орқали идентификация қилинмоқда. Унинг юзи ва зарур ҳолларда бармоқ излари орқали шахси тасдиқланяпти. Бу эса бегона шахсларнинг тест имтиҳонига кириб кетишининг олдини оляпти. Бошқа абитуриентнинг ўрнига киришга уринганлар эса тест имтиҳонидан четлатилмоқда.

Тест имтиҳонлари ўтказиладиган бино 1200 абитуриентга мўлжалланган. Тест топширувчилар алоҳида стол ва стул, ручка ва тест жавоб варақасини тўлдириш йўриқномаси, шунингдек, ичимлик суви билан таъминланган. Бино ичи катта кондиционерлар орқали етарли даражада совутилмоқда.

Тест имтиҳони бошланганидан сўнг, катта экранда таймер ишга туширилади. У абитуриентларга тест якунланишига қолган вақтни кўрсатиб туради.

 

Бино ичида ва унинг атрофида, кириш-чиқиш жойларида 50 га яқин видеокамера ўрнатилган. Улар орқали тест жараёни махсус ходимлар томонидан кузатиб борилади.

Бундан ташқари, махсус ускуна орқали «блютуз», «вай-фай» ва мобил алоқа сигнали сўндирилади. Тест имтиҳони ўтказилаётгандан бинода бундай сигналлардан фойдаланишнинг имкони йўқолади. 

«Ёшлик» спорт-мажмуаси ёнида жойлашган касб-ҳунар коллежи биносида ота-оналар учун «Кутиш зали» ташкил қилинган. Бу ерда катта экран ўрнатилган бўлиб, ота-оналар онлайн режимида тест жараёнини кузатиб бориш имкониятига эга.

Тест тугаганидан сўнг, назоратчилар абитуриентлардан китоб, титул ва жавоб варақасини қабул қилиб олишади. Улар махсус қути ва конвертларга жойланиб, пломбаланади ва халтага солинади.

Давлат тест марказининг махсус фельдегерлик хизмати ходимлари халталарни олиб кетишади. Шу куннинг ўзида улар самолёт орқали Тошкент шаҳрига, Давлат тест марказига етказилади. Тест топширилган куннинг эртаси эса ДТМ веб-сайтида абитуриентларнинг баллари эълон қилинади.

Урганч шаҳрида тест имтиҳонлари 13 августгача давом этади.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид