Жамият | 17:06 / 01.08.2019
3151
2 дақиқада ўқилади

Етим болаларни турар жойлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш таклиф этилмоқда

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Қарор билан тасдиқланадиган Низомда етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни тарбия, даволаш муассасалари ҳамда бошқа муассасаларга жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш тартиби белгиланади.

Шунингдек, низомга кўра, бронлаштирилган ва бириктирилган турар жойга эга бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия, даволаш муассасалари ва бошқа муассасаларда, фарзандликка олган оилаларда, васий (ҳомий) қарамоғида бўлган тўлиқ даврда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида хизматни ўташ даврида ёки озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ижро этиш муассасаларида бўлган даврида турар жойга бўлган ҳуқуқини сақлаб қолади.

Қарор лойиҳасининг қабул қилиниши ушбу йўналишдаги ҳуқуқий асосларни тартибга солишга, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга хизмат қилади.

Мавзуга оид