Ўзбекистон | 11:27 / 05.08.2019
148441
3 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов «Жаслиқ»даги маҳкумлар сонини очиқлади

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов “Ўзбекистон 24” телеканалига Жаслиқ колонияси тугатилиши ҳақида интервью берди. Маълумки, шу йил 2 август куни давлат раҳбари томонидан Қорақалпоғистон ИИВга қарашли 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясининг (Жаслиқ колонияси) тугатилиши тўғрисидаги қарор қабул қилинганди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

“Президентимиз томонидан имзоланган ушбу қарор мамлакатимиз сиёсий ҳаётида ва дунё жамоатчилиги олдида жуда катта аҳамиятга эга ҳужжат ҳисобланади. Ушбу колония Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот тумани, Жаслиқ қўрғони ҳудудида жойлашган, халқ тилида “Жаслиқ” колонияси деб айтилади. Колония 1999 йилда ташкил топиб, бу ерда оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган, узоқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган шахслар сақланиб келмоқда. Ушбу колония нафақат бизнинг фуқаролар орасида, қолаверса, халқаро ташкилотлар орасида ҳам салбий ном қозонган. 

Бу колонияни президентимиз қарори билан тугатиш нима учун зарур бўлиб қолди? Биринчидан, жойлашиши Нукус шаҳридан 300 км., Қўнғирот туман марказидан эса 180 км. узоқликда. Иккинчидан, иқлимини олсак, қишда қаҳратон совуқ, ёзда жазирама иссиқ. Жазони ўтаётган шахслар, буларнинг қариндошлари, яқинлари келиб-кетишига ҳам ўта ноқулай. Сиз бир тасаввур қилинг, Фарғона вилоятидан, Андижон ёки Сурхондарё вилоятидан ота-она ёки фарзандлари билан ўша ерда жазо ўтаётган маҳкумни кўриш учун келиш жуда кўп масофа босиб, Жаслиқ қўрғонига бориларди. Бу ҳам оворагарчилик, вақт кетиши, жуда кўп сарф-харажатларга сабаб бўлар эди.

Мен биринчи марта рақамларни айтмоқчиман. Турли миш-мишларда колонияда 5 000, 10 000гача маҳкум сақланиши, 5 000 нафаргача диний экстремистик жиноятларни содир қилгани учун сақланиши тўғрисида хабарлар жуда кўп учраган.

Мазкур муассасанинг бугунги кундаги лимити 1100 ўрин. Ҳозирги кунда 395 нафар маҳкум сақланяпти ва шуларнинг атиги 10 фоизи диний экстремистик жиноятлар учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслардир. Шунинг учун бу ерда ҳар қандай миш-мишлар ёки бошқа нарсалар бўйича гап бўлиши мумкин эмас”, - деди Пўлат Бобожонов. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги:

бир ҳафта муддатда мазкур қарорга мувофиқ тугатиш комиссиясини ташкил этади ва 19-сон ЖИЭКни тугатиш бўйича белгиланган тартибда комплекс ташкилий-ҳуқуқий чораларни амалга оширади;

бир ой муддатда 19-сон ЖИЭК маҳкумларини суд томонидан белгиланган тартиб турига мувофиқ равишда ички ишлар органларининг бошқа жазони ижро этиш колонияларига юборилишини ташкил этади;

маҳкумларни янги озодликдан маҳрум этиш жойларига кўчириш вақтида 19-сон ЖИЭК шахсий таркиби ўртасида юқори жанговар шайликни ва хизмат интизомига риоя этилишини таъминлайди.

 

Мавзуга оид

Эълонлар