Жамият | 16:18 / 06.08.2019
12166
4 дақиқада ўқилади

10-11 август кунлари дунёнинг энг кучли билимдонлари Тошкентда йиғилади

10-11 август кунлари Тошкент шаҳрида Шодиев Халқаро фонди томонидан ташкил этилаётган Интеллектуал ўйинлар бўйича III Евроосиё кубоги бўлиб ўтади. Фестивал доирасида таниқли «Нима? Қаерда? Қачон?» («Что? Где? Когда?») ўйинининг спорт талқини бўйича беллашув, «Своя игра» индивидуал турнири ва оммалашиб бораётган «Хамса» жамоавий викторинаси ўтказилади.

Мазкур кенг кўламдаги тадбир Ўзбекистонда илк марта ташкил этилмоқда. Фестивални ўтказишдан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон аҳолиси орасида интеллектуал ўйинларни оммалаштириш ҳисобланади. Турнир доирасида Тошкентга Максим Поташёв («Нима? Қаерда? Қачон?» телевизион клубининг магистри), Александр Рубин («Биллур укки» совринининг икки карра соҳиби, «Нима? Қаерда? Қачон?» Халқаро клублар ассоциацияси вице-президенти), Александр Коробейников («Нима? Қаерда? Қачон?» ўйини бўйича жаҳон чемпиони) каби кўплаб дунёнинг таниқли билимдонлари ташриф буюради. Улар ўзбекистонлик билимдонлар билан ўйиндаги тажрибаларини ўртоқлашишади ва интеллектуал ўйинларнинг ҳар бир инсон ҳаётида тутган ўрни ҳамда фойдали жиҳатлари ҳақида маълумотлар беришади. Турнирга шунингдек, «ақлли» ўйинларнинг ёш ихлосмандлари ҳам ташриф буюриб, профессионал билимдонлар билан танишиш ва маҳорат дарсларда иштирок этиш имконига эга бўлишади. Тадбирда Ўзбекистон жамоалари билан бир қаторда дунёнинг турли бурчакларидан, жумладан, Россия, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Германия, Латвия ва бошқа давлатлардан келган жамоалар иштирок этиши кутилмоқда. Жорий йилда 25та кучли жамоа биринчилик учун ўзаро беллашади. Турнир сўнгида Интеллектуал ўйинлар бўйича Озарбойжон пойтахти Бокуда ўтказиладиган жаҳон чемпионатида иштирок этишга муваффақ бўла оладиган минтақанинг энг кучли билимдонлари аниқланади.

«Нима? Қаерда? Қачон?»нинг спорт талқини телевизион ўйиндан бироз фарқ қилади: унда бир вақтнинг ўзида бир неча жамоа биргаликда ўйнайди, жавоблар эса ёзма шаклда топширилади. Турнир доирасида билимдонларга 72та савол йўлланади ва энг кўп тўғри жавобларни топган жамоа ғолибга айланади.

Турнир ташкилотчиси Шодиев Халқаро фонди – нодавлат хайрия ташкилоти бўлиб, унга Ўзбекистонда таваллуд топган Фаттоҳ Қаюмович Шодиев томонидан 1996 йилда асос солинган. Фонд фаолияти ёшларнинг ҳаётини янада яхши томонга ўзгартириш, ўсиб келаётган ёш авлодга ўз салоҳиятини тўлақонли равишда очиб беришда кўмаклашиш ва уларнинг болалигини янада ёрқинроқ, бахтиёр қилишга қаратилган.

Даставвал талабаларни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган фонд ўтган 23 йил ичида Евроосиёда илм-фан, санъат, таълим, инновация ва хайрия фаолиятини ривожлантириш ҳамда тарғиб қилишга йўналтирилган чинакам халқаро марказга айланди. Жорий йилда ҳам фонд ўзбекистонлик билимдонлар лигаси – «Ўз-лига» учун бутун дунёдан меҳмонларни қарши олишдек шарафни тақдим этувчи мана шундай кенг кўламдаги интеллектуал тадбир ташкил этмоқда. Ўзбекистон жамоаларига ўз юртида дунёнинг таниқли билимдонлари билан биргаликда ажойиб турнирда иштирок этиш имконияти берилади. Бу каби тадбирлар нафақат Ўзбекистоннинг интеллектуал ҳаракатини ривожлантиришга, балки саводхонликни оширувчи ўйинларни дам олишнинг бир шакли сифатида оммалаштиришга ҳам имкон беради.

Турнирга ташриф буюришни истаганлар севимли жамоаларини қўллаб-қувватлаши ёки машҳур билимдонлар билан танишишлари ва Интеллектуал ўйинлар бўйича III Евроосиё кубоги жараёнини бевосита жонли кузатишлари мумкин. 10 август соат 10:00да иштирокчилар ҳамда меҳмонларни рўйхатдан ўтказиш якунланади ва турнирнинг тантанали очилиш маросими бошланади. Тадбир Тошкентдаги Wyndham Hotel Tashkent  меҳмонхонасида икки кун – 2019 йилнинг 10-11 август кунларида ўтказилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид