Жаҳон | 01:43 / 06.08.2019
44514
2 дақиқада ўқилади

Порошенкога қарши янги жиноий иш очилди

Фото: РИА "Новости"

Украина давлат терговлар бюроси собиқ президент Пётр Порошенкога қарши 2018 йилда Малдив оролларига дам олгани боргани бўйича жиноий иш қўзғатди. Бу ҳақда Виктор Януковичнинг собиқ маслаҳатчиси Андрей Портнов маълум қилди. 

Порошенко бу сафарни амалга ошириш учун қалбаки ҳужжатлардан фойдаланишда айбланмоқда. Бундан ташқари, иш доирасида терговчилар “Порошенконинг янги офшорлари, мол-мулки, активлари ва ҳисоб рақамларини аниқлашни” ўз олдиларига мақсад қилганлар.

Апрелда Порошенко оиласи Украинадан уйдирма исмлар остида яширинча хорижга чиқиши маълум қилинган. Таъкидланишича, Порошенко охирги икки йил ичида норасмий тарзда Малдив ороллари, Испания, Норвегия ва Францияга борган. Бундан аввалроқ эса собиқ президент Mr. Petro Incognito номи остида саёҳат қилиши маълум бўлган.

2018 йилда “Схемы” кўрсатувида Порошенко 1-8 январь кунлари Малдивда дам олгани ҳақидаги тергов эълон қилинган. Журналистларнинг маълумотларига кўра, ушбу ҳордиқ собиқ президентга 500 минг долларга айланган ва у бу сафарни Mr. Petro Incognito номи остида амалга оширган.

Бироқ Порошенко оролларга ўз фамилияси остида учгани ва дам олишни Украина банкидаги ўз ҳисобрақамидан тўлагани, ҳордиқ вақтида эса Украина раҳбари мажбуриятларини бажаришда давом этганини маълум қилган. 

Айни вақтда Украинада Порошенко ва унга яқин амалдорларга қарши 11 та жиноий иш очилган. Порошенко суд ҳокимиятини тортиб олишга уриниш, давлатга хиёнат қилиш, маблағларни ювиш, “Прямой” телеканалини ноқонуний эгаллаб олиш, хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш, офшорларда жиноий даромадларни қонунийлаштириш, солиқлар тўламаслик, ҳужжатларни қалбакилаштириш ва ҳукуматни ноқонуний тайинлаш каби қонунбузарликларда айбланмоқда.

Мавзуга оид