20:10 / 06.08.2019
108222

Протекционистлар Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишига қарши

Ўзбекистонда 1996 йилдан кейин протекционизм, иқтисодий жараёнлар устидан назоратга асосланган иқтисодиёт модели эркин иқтисодий фаолиятга нисбатан саноқсиз тақиқ ва чекловлар ҳамда пора эвазига коррупциялашган амалдорлар томонидан бериладиган чексиз имтиёз ва преференциялар тўплами билан мувофиқликда тарих саҳнасини тарк этишни асло истамаяпти.

1930-йиллар бошида АҚШда «қуруқ қонун»ни бекор қилмоқчи бўлишганида ОАВда бундай қилиш асло мумкин эмаслиги, спиртли ичимликлар миллат саломатлиги учун зарарли эканлиги ҳақида туркум мақолалар чоп этилганди. Мақолалар учун пулни спиртли ичимликлар савдоси тақиқи ортидан катта маблағ ишлаётган ва бу тақиқлар сақланишидан манфаатдор мафия тўлаганди.

Ҳозир ҳам худди шундай бўляпти. Эски модель ортидан кун кечирганлар ислоҳотларга, ўзлари одатланиб қолган даромадли боқувчиларидан ажралишга асло рози бўлишмаяпти. Улар сақланиб қолиши учун ҳамма нарсага тайёрлар. Юқори мансабларда ўтириб олиб, улар нафақат ўтказилаётган ислоҳотларни саботаж қилишяпти, балки уларни мафкура даражасига кўтаришяпти.

Шу кунларда бир вақтнинг ўзида қатор нашрларда қандайдир иқтисодчи Виктор Мирзаевнинг «Фритрейдерлар» «протекционистлар»га қарши» деб номланган мақоласи тарқалди. Мақоласи чиққунига қадар бу «иқтисодчи» ҳақида ҳеч эшитмагандик. Ҳарҳолда интернетда бундай исм-шарифли муаллиф ҳақида ҳеч гап йўқ. Нашрларнинг ўзи ҳам у ҳақида ҳеч нарса демаган. Қўрқмасдан тахмин қилиш мумкинки, у сохта.

Энди мақолага келсак. Аслида бу ерда муҳокама қиладиган нарса йўқ. Мақола иқтисодиёт фани нуқтаи назаридан мутлақо саводсизларча ёзилган ва ёлғонга асосланган. Лекин барибир уриниб кўрамиз...

Мақола протекционизм ва уни мақташга бағишланган бўлса-да, муаллиф унинг нимасини мақташ кераклигини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайди. Унинг изоҳи ўта сирпанчиқ, уни ҳар қандай вазиятга нисбатан қўллаш мумкин: «маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш». Бу «изоҳ»дан фойдаланиб, протекционизм ҳар доим бўлган ва миллий давлатлар мавжуд экан, бундан буён ҳам бўлади деб бемалол айтиш мумкин. Ҳар қандай онгли давлат ўз ишлаб чиқарувчиларини рейдерлик ҳужумларидан, мулкчилик ҳуқуқи бузилишидан, турли «бош айлантиришлар»дан ҳимоя қилиб келган ва ҳимоя қилади. Бу – давлатнинг тўғридан-тўғри мажбурияти. Мазкур атама шундай эркин ва кенг талқин қилинадиган бўлса, у ҳолда «протекционизм»га қарши бўлган ҳар қандай инсон аҳмоқ ҳисобланади.

Протекционизм аслида миллий ишлаб чиқарувчиларни хориж маҳсулотлари ва ишлаб чиқарувчилари билан рақобатдан ҳимоя қилиш. Агар истасак, халқаро савдони тартибга солиш бўйича: жаҳон бозоридан тўлиқ изоляция қилишдан тортиб (Шимолий Корея) бирор маҳсулот учун бож тарифини 1дан 2 фоизга оширишгача деярли ҳар қандай чорани протекционизм деб аташимиз мумкин. Булар аслида мутлақо бошқа-бошқа ҳолатлар. Аммо протекционизмни севувчилар ўзларини бу тафовутларни тушунмаётгандек тутишади: «Дональд Трамп қилаётган иш протекционизмми? Протекционизм. Ислом Каримов қилган иш протекционизмми? Протекционизм. Демак, Трамп Каримовнинг шогирди ва биз 20 йил давомида қилиб келган иш тўғри бўлган».

Бундай демагогия ва тушунчаларни алмаштириш билан ёш болани алдаш мумкин. Аммо аҳолимизнинг иқтисодий саводхонлик даражаси юқори эмаслиги ҳисобга олинса, афсуски, мана шундай сафсатага алданиб қолиняпти.

Мақола муаллифи янада чуқурроқ кириб боради: у протекционизм деганда ҳукуматнинг деярли ҳар қандай иқтисодий сиёсатини тушунади. Унга бу нима учун керак? «Буюк Британиянинг оламшумул қудрати унинг протекцион сиёсати билан биргаликда бутун XIX аср давомида унинг иқтисодий фаровонлиги асоси бўлди», «АҚШда эса XIX аср ўрталаридан XX аср ўрталаригача давом этган протекционизм сиёсати унга нафақат ишлаб чиқаришни ўстириш, балки жаҳонда 1-рақамли саноат давлати айланишига имкон берди» каби баёнотлар бериш учун.

Буюк Британия ва АҚШдаги протекционизм айнан нимага асосланганди? Улар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилганмиди (муаллифнинг протекционизмни кенг тушуниши бўйича)? Божхона тўловларини оширганмиди (қачон, неча фоизга)? Ёки Шимолий Кореяга ўхшаб халқаро савдодан ёпилиб олганмиди? Муаллиф бу саволларга жавоб бермайди. Шунинг учун унинг Буюк Британия, АҚШ ва бошқа давлатлар протекционизм (ушбу атаманинг умумэътироф этилган тушунча бўйича) туфайли бой ва фаровон бўлгани – бутунлай сафсата. Ҳарҳолда бу таъкидларнинг исботи келтирилмаган. Муаллиф шунчаки биз унинг сўзларига ишонишимиз кераклигини айтган.

Агарда у Ер теп-текис ва коинот марказида жойлашган деса ҳам ишонишимиз керакми? Ёки аёлларимиз протекционизмсиз туға олишмайди деса ишонайликми? Ҳеч қандай далил талаб қилмаймизми?

Аслида импортга нисбатан тўсиқ кўринишидаги (божхона божлари, нотариф тўсиқлар) протекционизм барча давлатларда ҳозиргача мавжуд. Протекционизм танқидчилари бундай тўсиқларни бутунлай йўқ қилиш учун эмас, балки «оқилона» даражагача қисқартириш учун курашишади. Тўсиқлар қачон оқилона бўлади? Қачонки рақобат чекланмаганида, миллий ишлаб чиқарувчилар бозорда ўз шартларини қўядиган монополиячи-девларга айланмаганида.

Бизнинг ачинарли протекцион тажрибамиз эса бундай сиёсат нималарга олиб келишининг яққол намунасидир: иқтисодиёт деградациясига, аҳоли яшаш даражаси пасайишига, авиаташувлардан тортиб автомобилсозликкача бўлган кўплаб бозорларнинг монополлашувига. Бу мисолларни иқтисодий сиёсатни қандай тарзда амалга оширмаслик кераклигига намуна сифатида иқтисодий дарсликларга киритиб қўйиш мумкин.

Мамлакатимиздаги протекционизмга қарши бўлганлар фарзандларимиз ва набираларимизни келажакдан маҳрум этадиган бундай ақлсизликдан воз кечишни таклиф этишмоқда. Эвазига эса-чи? Бизга протекционизм туфайли мамлакатлар бойиб кетиши ҳақида эртак айтишмоқда. Бу ёлғон! Протекционизм туфайли давлатлар бой бўлмайди, балки камбағаллашади, тўғрироғи, камбағаллигича қолади. Бунга бизнинг энг янги тарихимиз яққол мисол бўла олади.

«Виктор Мирзаев» ўз фикрларини исботлаш учун мутлақо ўхшамаган аргументларни келтиради. Айтилишича, эркин рақобат ҳолатида маҳаллий ишбилармонлар «нарх-сифат» нисбатида хориж компаниялари билан тенгма-тенг рақобат қилолмас экан» (қизиқ, қачон рақобат қила олишади, йигирма йилдан ортиқ вақт етмади, яна қанча вақт керак?). «Натижада хорижлик тадбиркорлар ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчини сиқиб чиқаришади ва бозорларни ўз маҳсулотлари билан тўлдириб ташлайди… Бунда етакчи ўринни Хитой ва қўшни давлатлардан келтириладиган сифати паст арзон маҳсулотлар эгаллайди» (қизиқ, яқин-яқингача Абу Сахий тизими орқали Хитой маҳсулотлари Ўзбекистонга муаммосиз келтирилганида нима учун бундай бўлмади?). Ва воқеликка ҳеч қандай алоқаси бўлмаган «тарихий мисоллар» келтирилади.

Зўраки «иқтисодчи» тўлов баланси нима эканлигини ва бозор иқтисодиётида ташқи савдо оқимлари қандай тартибга солинишини ёки тушунмайди ёки ўзини тушунмаганликка солади. Аслида эса бу оддий арифметика. Агарда маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлмаса, пештахталаримизни тўлдириб ташлайдиган импорт маҳсулотларни олиб кириш учун пулни қаердан оламиз? Бирор нарса сотиб олиш учун аввал ниманидир сотиш керак. Аммо «иқтисодчи»миз шундай оддий нарсаларни ҳам тушунмайди. Афтидан, тушуниш фойда келтирмаса керак.

Протекционизмдан воз кечсак импорт маҳсулотлар нима учун оқиб кирмаслиги тўғрисида батафсил «Салбий савдо балансидан қўрқиш керакми?» ва «Доллар курсига нима бўляпти, у нимага тушмоқда ва буёғига нима қилиш керак?» деган мақолаларимда ўқишингиз мумкин.

Муаллифнинг Ўзбекистон протекционизм сиёсатидан воз кечса «келгусида «банан республикаси»га ёки йирик трансмиллий ўйинчилар учун хом ашё етказиб берувчига айланиб қолиши мумкин»лиги тўғрисидаги хавотири айниқса ҳайратга солади. Қизиқ, йигирма йилдан ортиқ вақт давом этган протекционизм сиёсатидан кейин кимга айландик? Буюк саноат давлатигами? «Банан республикаси»гамасми? Умуман, муаллиф бизнинг экспорт структураси билан танишми? Экспортда хом ашё маҳсулотлари улуши қанчалигини биладими? Билмайди, деб қўрқаман...

Ва охиргиси. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш ҳақида. Ҳимоя қилиш керак. Фақат: кимдан ва қандай тарзда? Уларни биринчи навбатда юқори солиқлар ва маъмурий тўсиқлар, нотенг ўйин қоидалари яратиш, мулк ҳуқуқини бузиш орқали бизнесни ўлдираётган амалдорлардан ҳимоя қилиш керак. Бунинг учун эса «Виктор Мирзаев» жон-жаҳди билан ҳимоя қилаётган иқтисодиётнинг эски моделини бузиб ташлаш керак. Бунда давлат ростдан ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни нафақат рақобатни бузмасдан, балки бизнес юритиш харажатларини пасайтириб, инфраструктура ва инсон капиталига сармоя киритиб, суд тизими самарадорлигини ошириб, коррупция ва амалдорларнинг бизнесга аралашишига қарши курашиб, самарали рақобат муҳити яратиб ва оқилона валюта сиёсатини олиб бориб ҳимоя қилиши керак.

Шундай экан, протекцион, коррупцион эски модель ёки рақобат ва мулк ҳуқуқини ҳимоя қилишга асосланган инновацион ривожланиш моделидан бирини танлаш керак. Аслида қайси бирини танлаш аниқ. Фақат «биз» учун ва «улар» учун танловлар турлича. Чунки «улар»нинг ва «биз»нинг манфаатларимиз бир-бирига қарама-қарши.

Юлий Юсупов, мустақил эксперт.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Top