12:04 / 06.08.2019
3294

Сингапурда Ўзбекистоннинг MICE-туризм бўйича элчиси тайинланди

Фото: Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикасининг Сингапурдаги элчиси Қаҳрамон Шокиров томонидан Сингапурнинг етакчи бизнес вакили Филлип Тангага Ўзбекистоннинг MICE-туризм элчиси сертификатини топширди. Маросим Сингапурнинг энг нуфузли бизнес вакиллари иштирокидаги Ўзбекистон маданият кечаси доирасида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Филлип Тан - Сингапурдаги таниқли молиячи ва ижтимоий арбоб, бир неча йирик бизнес асосчиси, туризм ва молиявий компаниялар раҳбари, жумладан Citystate Capital Asia молиявий директори, Pegasus Travel Management ва Kinetica асосчиси ва раҳбари. Citystate Group штаб-квартираси Сингапурда жойлашган Австралия, Хитой, Гонконг, Ҳиндистон Индонезия, Филиппин ороллари, Малайзия, Таиланд ва Вьетнамда иш олиб борувчи энг катта халқаро компаниялардан бири ҳисобланади. Ушбу ташкилот асосий йўналишлардан ташқари, суғурта, молиявий хизматлар, савдо-сотиқ, таълим ва маиший хизмат соҳалари бўйича фаолият юритади. 

Филлип Тан томонидан асос солинган Pegasus Travel Management дунёнинг етакчи ишбилармонлари билан салоҳиятли мамлакатларга бизнес-ташрифлар уюштириш, юқори даражада турлар ва бошқа мамлакатларда конференциялар, ретрит ва VIP-ташрифлар ташкиллаштиришга  ихтисослашган. 

“Ўзбекистон ҳукумати ва Туризмни ривожлантириш қўмитаси менга билдирган бундай ишончдан жуда мамнунман – дейди маросимда Филлип Тан. - Сўнгги йилларда Сингапурдан Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар оқими 60 фоизга ошган бўлса, бу ҳали бошланиши, дея аниқ айта оламан.  Сингапур бизнес доиралари Ўзбекистонда бўлиб ўтаётган ислоҳотларни катта қизиқиш билан кузатиб боришмоқда ва мен мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, савдо-сотиқ ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликнинг катта салоҳият билан ривожланишига ишонаман”.

Тан Сингапурдаги Ўзбекистон элчихонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, ҳозирги кунда Ўзбекистонга йирик сармоядор компанияларнинг ташрифларини амалга оширишни режалаштирмоқда, дейилади хабарда.

Top