Ўзбекистон | 18:34 / 06.08.2019
9747
3 дақиқада ўқилади

Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик қандай?

Фото: Artfestival.uz

Қўқон шаҳрида 10-15 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига тайёргарлик жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар берди ЎзА.

Тайёргарлик жараёнининг бориши ҳақида Қўқон шаҳар ҳокими М.Усмонов, фестиваль матбуот маркази раҳбари С.Шукуров ва бошқалар маълумот берди.

Ўзбекистон президентининг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори асосида айни кунларда мазкур нуфузли тадбирга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Кўча ва хиёбонлар ободонлаштирилиб, меҳмонхоналар, хизмат кўрсатиш ва сервис мажмуалари, турли иншоотлар қад ростламоқда.

Иштирокчилар учун янгидан қурилаётган меҳмонхоналарнинг 3 тасида қурилиш ишлари якунланди, 5 тасида давом этмоқда, қўшимча равишда 30 уй-меҳмонхонаси ташкил этиш борасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида фестиваль веб-сайти ўзбек, рус, инглиз тилларида (http://handicrafters.uz) яратилди. Веб-сайтга фестиваль, миллий ҳунармандчилик, ҳунармандлар, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотлар жойлаштирилди. Фестивалда иштирок этишни хоҳлаган хорижлик ва маҳаллий ҳунармандлар ушбу сайт орқали онлайн тарзда ариза бериши ва рўйхатдан ўтиши мумкин. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ўзбекистоннинг чет элдаги элчихоналарига маълумот берилди.

30 июнь куни веб-сайт орқали рўйхатдан ўтиш жараёни якунланди. Веб-сайт орқали 74 давлатдан 480 киши рўйхатдан ўтди. Саралаш комиссияси томонидан 72 давлатдан ҳунармандчиликнинг 29 йўналиши бўйича 205 хорижий ҳунарманд саралаб олинди. Шунингдек, фахрий меҳмон сифатида таклиф этилиши режалаштирилган 36 юқори мартабали хорижлик давлат арбоблари, қўмита раислари, вазир ўринбосарлари ва олимлар рўйхати шакллантирилган. Барча хорижий меҳмон ва иштирокчиларга расмий таклифномалар жўнатилди.

“Ҳунармандчилик ва халқ амалий санъатини ривожлантириш истиқболлари“ мавзуидаги илмий-амалий конференцияда 23 давлатдан 32 хорижий ва маҳаллий олим иштирок этиши белгиланди. Конференциянинг икки кунлик дастури ва концепцияси ишлаб чиқилди.

Фестивалда иштирок этиш учун республикамизнинг 153 туманидан ҳунармандчиликнинг 34 йўналиши бўйича 1116 ҳунарманд ва 87 ташкилотчи рўйхати шакллантирилди. 

Фарғона вилояти ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар масъуллари иштирокида Тошкент, Наманган, Фарғона вилоятлари аэропортлари ва темир йўл вокзалларида доимий навбатчилик ташкил қилинган. Вилоят ҳокимлиги томонидан меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш ва кузатиш бўйича ишчи гуруҳлар шакллантирилган.

Мавзуга оид