Жаҳон | 21:50 / 07.08.2019
96666
2 дақиқада ўқилади

Атамбоев озодликда, Жээнбеков таътилини эрта тугатиб Бишкекка қайтди

Фото: AFP

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида тарқалган хабарлар тасдиқланмади. Бу ҳақда ТАСС агентлиги собиқ президентнинг штабига асосланиб хабар бермоқда.

Манбанинг сўзларига кўра, Атамбоевни қўлга олиш учун Қўй-Тош қишлоғига борган махсус топшириқли бўлинма унинг уйига бостириб кирган, аммо ичкарида қаршиликка учраган, қолаверса ташқаридан кириб келган собиқ президентнинг тарафдорлари уларни ўраб олгач, таслим бўлган. Улар Атамбоевнинг тарафдорлари томонидан қўлга олинган.

Kaktus.media тарқатган хабарга кўра, махсус топшириқли бўлинма ходимлари йиғилганлар томонидан калтакланган. Айни вақтда воқеа жойига қўшимча кучлар йўл олган.

Атамбоевнинг штаби вакили изоҳлашича, уйга борадиган йўллар ўраб олингани учун у ерга ҳеч ким кира олмаяпти, ичкарида ёнғин чиққан ва отишма овозлари давом этмоқда.

Воқеа жойидан узатилаётган трансляцияда Алмазбек Атамбоев ҳали ҳам ўз уйида, тарафдорлари қуршовида эканини кўриш мумкин.

Айни вақтда Қирғизистоннинг амалдаги президенти Сооронбой Жээнбеков таътилини барвақт тугатиб, пойтахт Бишкекка қайтган.

Бугун, 7 август куни собиқ президентнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйида отишма овозлари эшитила бошланди. Интернетда тарқалган видеоларга кўра, уйни махсус топшириқли бўлинмалар ходимлари қамал қилган. Уйда собиқ президентнинг тарафдорлари бўлган юзлаб кишилар тўпланган. Сўнгги маълумотларга кўра, камида 15 киши жароҳатланган. Улар орасида Давлат хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Абдил Сегизбаев ҳам бор.

Алмазбек Атамбоев 2011—2017 йилларда Қирғизистонга президентлик қилган ва ваколати якунига етгач, ҳокимиятни ўзидан кейинги президент — Сўранбой Жээнбековга тинч йўл билан топширган нафақат Қирғизистон тарихидаги, балки Марказий Осиё тарихидаги илк давлат раҳбарига айланган эди.

Мавзуга оид