Жаҳон | 21:19 / 08.08.2019
16757
2 дақиқада ўқилади

Жээнбеков миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари истеъфосини қабул қилмади

Қирғизистон президенти Сооронбай Жээнбеков миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Ўрозбек Опумбаев истеъфосини қабул қилмади. Бу ҳақда Жээнбеков парламентнинг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилди. 

Жээнбековнинг таъкидлашича, Опумбаев ҳақиқатан унинг ёнига истеъфога чиқиш ҳақидаги ариза билан келган. Бироқ бу ариза қабул қилинмаган.

Аввалроқ Опумбаев собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг ушланиши билан боғлиқ мамлакатда вазият кескинлашгани ортида истеъфога кетишга тайёрлигини айтган.

7 августда мамлакат махсус хизматлари Атамбоевни Қўй-Тош қишлоғида қўлга олишга уринишни амалга оширган. Бироқ собиқ президентнинг қишлоқдаги қароргоҳи штурми муваффақиятсизлик билан якунланган. Атамбоев тарафдорлари махсус кучларни собиқ президент уйига қўйишмаган. Шундан кейин тўқнашувлар бошланиб, камида 50 киши жароҳатлар билан шифохоналарга етказилган. Махсус хизматларнинг 27 ходими жабрланган. 

“Алмазбек Атамбоевнинг ҳаракатлари қонун доирасидан ташқарига чиқиб кетди. Баъзи одамлар яраланди, бир махсус жангчи ҳалок бўлди. Шубҳасиз, унинг ҳаёти ҳар қандай бойликдан устундир. Мен ҳалок бўлганнинг яқинларига ҳамдардлик билдираман. Яқинда унинг онаси билан гаплашгандим. Менинг юрагим ҳам азобда. Махсус жангчи охиригача фақат резина ўқ қўллаган. Биз қон тўкилишини истамагандик. Бугун Ўрозбек Опумбаев истеъфога чиқмоқчилигини айтди. Мен уни қабул қилмадим. Чунки бундай мураккаб вақтда кетиш – қилиш мумкин бўлган энг осон ишдир. Вазият барқарорлашгач, биз куч тузилмаларининг жавобгарлигини кўриб чиқиш масаласига яна қайтамиз”, деб айтган Жээнбеков.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид