Жамият | 08:08 / 08.08.2019
43060
9 дақиқада ўқилади

Халқ манфаатларига хизмат қилиш - олий бурч

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда 2018 йил 23 августдаги «Ички ишлар органлари бошқарув, назорат ва шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ички ишлар органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этди.

Жумладан, Ички ишлар вазирлиги тизимида алоҳида ихтисослашган таълим муассасаси – Малака ошириш институти ва Вазирликнинг барча академик лицейларида унинг филиаллари ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти матбуот хизмати хабарига кўра, ўтган қисқа давр мобайнида Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда ўтказилган ўқув йиғинларида 12 мингдан ортиқ ходимлар қатнашиб, ўз малакасини оширди.

Айни кунларда Институт томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги туманлар ва шаҳарлар ички ишлар органларининг жиноят-қидирув бўлимлари бошлиқлари, хавфсиз туризмни таъминлаш хизмати, навбатчилик қисми инспекторлари учун малака ошириш сайёр ўқув йиғинлари ўтказилмоқда.

Ўқув йиғинларида давлат раҳбари томонидан илгари сурилган ички ишлар органлари фаолиятига оид долзарб вазифаларга, уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига, соҳага оид қабул қилинган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талаблари билан таништиришга ва улар асосида хизмат фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Машғулотлар давомида назарий билимларимизни мустаҳкамлаб, амалиётга учраётган баъзи муаммоли ҳолатларни бартараф этиш бўйича зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмоқдамиз, – дейди Самарқанд шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор Анжелика Ибадова. – Ўқув йиғинларида назарий билимларимни янада мустаҳкамлаб, иш жараёнига ҳозирги замон талаблари мувофиқ ҳолда ёндашиб, тергов ҳаракатларини янада сифатли ўтказишга ҳаракат қиламан. Терговчи хизмат вазифасига сидқидилдан ёндашиши керак, унинг адашишга ҳаққи йўқ. Чунки жиноят кўчасига кириб қолган инсонларнинг қилмишларига одилона ёндашиб, оқилона ва адолатли хулоса қилиши керак. Бунинг учун юқори билим, кўникма ва тажриба ҳар биримизга ас қотади, деб ўйлайман.

Аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашиш иммунитетини шакллантириш, хавфсизликка таҳдидларни «ўзиники ва ўзгаларники» деб ажратиш туйғусидан воз кечиш, ҳуқуқбузарликларни содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этиш, «Хавфсиз ҳудуд», «Хавфсиз маҳалла», «Хавфсиз хонадон» каби лойиҳаларни ижтимоий ҳаётга татбиқ этиш каби муҳим вазифаларни амалга оширишда натижадорликка эришиш кўп жиҳатдан халқ билан самарали мулоқотни ўрнатишга боғлиқ.

Ушбу устувор вазифаларнинг долзарб аҳамиятга эга эканлигидан келиб чиқиб, Институт профессор-ўқитувчилари жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинлари доирасида маҳаллаларда ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ва маънавий-маърифий учрашувлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Жумладан, сўнгги икки ой давомида республикамизнинг турли ҳудудларида жойлардаги ички ишлар органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларни фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашлар билан ҳамкорликда қарийб 100 га яқин маҳаллаларда «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», «Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш – тинчлик ва осойишталикни таъминлашнинг муҳим шарти», «Жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз», «Осойишталик учун барчамиз масъулмиз», «Маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишда жамоатчиликнинг роли», «Оилалар тинчлиги – барқарорлик омили» каби мавзуларда тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Мазкур тадбирларда аҳолининг маҳаллий аҳамиятга молик долзарб муаммоларини эшитишга ҳамда уларни ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда бошқа масъул давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Айни кунларда ушбу маънавий-маърифий тадбирлар Институт жамоаси томонидан Бухоро ва Самарқанд вилоятларидаги маҳаллаларда ҳам ўтказилмоқда.

– Маҳаллаларимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш фақат ички ишлар органларига юклатилган вазифа деб эмас, бунга барчамиз бирдек масъул бўлишимиз керак, – дейди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Когон шаҳар раиси ўринбосари Ҳамро Қурбонов. – Бугунги маънавий-маърифий тадбирда Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари томонидан тинчликнинг қадрига етиш, уни сақлаб қолиш учун қандай ишларни амалга ошириш кераклиги, маҳаллада яшовчи ҳар бир фуқаро бунга масъул эканлигини, ҳамжиҳатликда амалга ошириш керак бўлган тадбирлар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди, уларга маҳалла фаоллари номидан миннатдорчилик билдираман.

– Маҳалламизда 5 мингга яқин аҳоли аҳил яшашади, – дейди Самарқанд вилояти Жомбой тумани “Найман” маҳалласи раиси Назира Мардонқулова. – Маҳалладаги кўнгилсизликларни олдини олишда жамоатчилик ўз таъсирини кўрсатиб боради. Бугун ИИВ Малака ошириш институти профессор-ўқитувчилари маҳалламизга келиб, тинчликнинг қадрига етиш, оилалар ва маҳалла осойишталиги юрт тинчлигини таъминловчи мезонлар эканлигини мисоллар билан тушунтириш беришди.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан маҳаллаларда истиқомат қилаётган кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар, якка ёлғиз кекса авлод вакиллари ҳамда ички ишлар органлари тизимида узоқ йиллар мобайнида самарали меҳнат қилган ва бугунги кунда нафақада бўлган фахрийларнинг ҳолидан хабар олиш анъанага айланиб бормоқда.

– Мен 1946 йилда Қозоғистон Республикаси Толдиқўрғон вилоятида туғилганман, – дейди Когон шаҳар “Арабхона” маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони Алла Ан. – 14 ёшимда Ўзбекистонга ота-онам билан кўчиб келдим, турмушга чиқдим, 3 нафар қиз фарзандли бўлдим, турмуш ўртоғим эрта вафот этди, узоқ йиллар Когон тумани телеграфида ишлаб, ёлғиз ўзим уч нафар қизни ўқитиб, вояга етказдим. Катта қизим болаликдан руҳий хаста, иккинчи қизим турмушга чиқмаган, ҳозирги кунда Россия давлатида ишлайди, учинчи қизим турмуш ўртоғи билан ажрашиб, 4 нафар фарзанди билан кўчиб келиб мен билан бирга яшаётган эди, куни кеча шаҳар ҳокимлиги унга Когон шаҳридан ижтимоий уйдан бир хона ажратди. Бундай ғамхўрлик қайси юртда бор, аввало Президентимизга раҳмат айтаман, шунчалик мен сингари қийналган, ногиронларга катта эътибор қаратмоқда.

Мен Ўзбекистонни жуда севаман, чунки, халқи меҳнаткаш, меҳмондўст. Маҳалламизга хизмат кўрсатувчи профилактика инспектори капитан Шуҳрат Чўллиевни маҳалла аҳли жуда ҳурмат қилади, чунки у доимо халқнинг ичида, қўлидан келгунича халқдан ёрдамини аямайди, у ҳар куни бизнинг оиладан хабар олади, шунинг учун мен уни ўз ўғлимдай яхши кўраман. Мана бугун бир қатор ички ишлар органлари ходимлари уйимга ташриф буюришди, кейин билсам, улар пойтахтимиздан Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтининг профессор-ўқитувчилари экан, улар мен билан суҳбат қуриб, ҳол-аҳвол сўрашиб, муаммоларим билан қизиқишди, кайфиятимни кўтаришди, мен бундан жуда хурсанд бўлдим, уларга юртимиз тинчлигини сақлашдек шарафли вазифа юклатилган, уни бажаришда, улкан зафарлар тилайман.

Икки қўлтиқ таёққа суяниб, базўр қўшнисиникидан чиқиб келаётган, Жомбой тумани “Найман” маҳалласида яшовчи, 79 ёшли онахон Норби Тўрақулова, эшиги олдида турган бир гуруҳ ички ишлар органлари ходимларини кўриб, ҳайратини яшира олмади. ИИВ Малака ошириш институти катта ўқитувчиси, подполковник Абдулла Бадалхўжаевнинг “Сизни кўргани келдик”, деган сўзидан онахоннинг кўзларига ёш келди.

– Қарилик қурсин болаларим. Бунинг устига касалванд бўлиб қолдим. Сиз каби Ватан ҳимоячилари, тинчлигимиз ва осойишта ҳаётимизни таъминловчи ватанпарвар инсонлар вақт топиб келганингиз учун миннатдорман. Сиздек халқпарвар инсонларнинг амалга ошираётган ишлари албатта ёшларга ўрнак бўлади. Атрофингизга қаранг маҳалламиз болалари ҳайрон бўлиб қараб туришибди. Улар эса сиз каби самимий инсонлардан ўрнак олади. Бунинг учун Юртбошимизга, Ички ишлар вазирлиги раҳбариятига раҳмат айтаман. Зеро, кексалари эъзозланган юртнинг келажаги буюк бўлади.

Энг муҳими, институт профессор-ўқитувчилари ушбу олийжаноб ишларга ички ишлар органлари тизимида фаолият кўрсатаётган ҳар бир ходимнинг ҳисса қўшиши келажакда соҳани халқпарвар тизимга айлантиришда муҳим аҳамият касб этиши жойларда ўтказилаётган сайёр ўқув йиғинларида ҳам тушунтириб бермоқдалар.

Институт профессор-ўқитувчилари томонидан жойларда сайёр ўқув йиғинлари, маҳаллаларда тарғибот тадбирлари ҳамда кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бор фуқаролар ва якка ёлғиз кекса авлод вакилларининг ҳолидан хабар олиш каби эзгу ишлар жойларда давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид