Жаҳон | 01:00 / 10.08.2019
46696
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистонда Атамбоевнинг мол-мулки ва телеканали ҳибс қилинди

Фото: ТАСС

Қирғизистонда суд қарорига кўра собиқ президент Алмазбек Атамбоевнинг мол-мулки, жумладан “Апрель” телеканали ва “Медиа-Форум” компанияси ҳибс қилинди.   

Бишкекдаги “Медиа-Форум” биносида Атамбоев томонидан асос солинган Социал-демократик партия бош қароргоҳи ва “Апрель” телеканали студияси жойлашган. Канал собиқ президентнинг Қўй-Тош қишлоғидаги уйининг штурм қилинишини ёритганди. Телеканал эфири узилгач, журналистлар воқеаларни интернетда ёритишни давом эттиришган.

Шунингдек, тергов собиқ президент тарафдорларини сўроқ қилмоқчи. 9 августда Социал-демократик партиянинг парламентдаги фракцияси депутатлари Асель Кодуранова ва Ирина Карамушкина ҳамда собиқ депутат Равшан Жээнбеков сўроққа чақиртириш ҳақида чақирув қоғозлари олишган. 

Партия сиёсий кенгаши аъзоси Фарид Ниязов Атамбоев уйида одамларни гаровга олиш иши бўйича ушланган. Собиқ президентнинг тарафдорлари штурм вақтида бир неча махсус жангчини гаровга олишганди. Фаридовдан ташқари, қонунсизликка қарши миллий штаб бошлиғи Қияс Смалиев ҳам ушланган. Социал-демократик партия аъзоси Қундуз Жолдубаева бир кун ичида 2 марта сўроқ қилинган, у ушбу иш бўйича гувоҳ сифатида ўтмоқда. Юқорида исми тилга олинганларнинг барчаси июль охирида Атамбоевни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган халқ штаби таркибига киришган.    

Ички ишлар вазирлигига сўроққа Атамбоевнинг ўғли Сейитбек Атамбоев ҳам чақиртирилган.

Мавзуга оид