Жаҳон | 09:02 / 11.08.2019
11801
2 дақиқада ўқилади

Яманда айирмачилар президент саройини эгаллаб олишди

Фото: Reuters /Fawaz Salman

Яманнинг жанубий ўтиш кенгаши кучлари Адан шаҳридаги Маъшиқ президент саройини эгаллаб олишди. Бу ҳақда 9 августда Al Jazeera телеканали хабар берган.

Таъкидланишича, саройда жойлашган Саудия Арабистони кучлари Адандан ғарбдаги халқаро коалация ҳарбий базасига чекинган.

Яман президенти Абд Раббо Мансур Ҳодий ҳозирда Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда қолмоқда. 

Телеканалнинг маълум қилишича, Адандаги жанговар ҳаракатлар иштирокчилари Саудия Арабистони томонидан бошчилик қилинувчи коалициянинг номигагина иттифоқдоши бўлиб, уларда мамлакатнинг келажаги бўйича ўз режалари бор. 

Кенгаш вакили Низор ал-Ҳайсам кенгаш кучлари Адан ва Жанубий Яманнинг мамлакатнинг қолган қисмидан ажралиши учун ҳозир жанг бошламоқчи эмаслигини айтган. Шу билан бирга, у кенгаш отрядлари ҳусийларга қарши кураш олиб бораётган ҳукумат кучлари таркибида қолишига ваъда берган.  

Ўз навбатида, коалиция айирмачилардан улар томондан Аданда босиб олинган ҳарбий база ва бошқа объектларни ташлаб, аввалги жойларига қайтишни сўраган, акс ҳолда жанговар ҳаракатлар бошланиши билан таҳдид қилган.

Шунингдек, Ар-Риёд тартибни тиклаш ҳамда ўт очишни тўхтатиш учун томонларнинг шошилинч саммитини ўтказишни таклиф қилган.

Айирмачилар ярашувга рози эканликларини айтишган.

Мавзуга оид