12:08 / 13.08.2019
122925

Алмазбек Атамбоевга қотиллик айблови қўйилди

Фото: EUTERS/Vladimir Pirogov

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев қотиллик ва бошқа қатор оғир жиноятларда айбланмоқда. Бу ҳақда РИА Новости Бош прокуратура ходимига таяниб хабар берди.

Knews хабарига кўра, Бош прокуратура Қўй-Тошдаги воқеалар муносабати билан собиқ президент Алмазбек Атамбоевга қарши айблов эълон қилди. Бу ҳақда бош прокурор Откурбек Жамшитов маълум қилган.

«Бугун Атамбоевга тартибсизликларни уюштириш, қурол-яроғнинг ноқонуний айланмаси, терговга тўсқинлик қилиш, одамларни гаровга олиш, ўлдириш ва қотилликка уриниш айбловлари қўйилди», - деди бош прокурор.

Унга кўра, Атамбоевга ташкилотчи сифатида Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг турли моддалари - «Ҳокимият вакилига таҳдид ёки зўравонлик», «Прокурор, терговчи, тергов идорасининг ваколатли мансабдор шахси фаолиятига тўсқинлик қилиш», «Оммавий тартибсизликлар», «Қотиллик», «Қотилликка уриниш», «Одамларни гаровга олиш», «Қуролнинг ноқонуний айланмаси» моддаларида кўзда тутилган бир қатор жиноятлар бўйича айбловлар қўйилган.

Аввалроқ, республика Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Орозбек Опумбаев Атамбоев махсус кучларга қарата ўқ узганини айтган эди.

Қирғизистон собиқ президентининг ўзи «тарафдорларида ҳатто чўзма (рогатка) ҳам бўлмаганини» иддао этган. Шу билан бирга, унинг тасдиқлашича, ўз қароргоҳига ҳужум бошланганда ўқ узган.

«Мен йигитлар учинчи қаватга чиқишганида ўқ уздим. Йигитларга тегиб кетмасликка ҳаракат қилдим», - деди Атамбоев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Алмазбек Атамбоев суд қарори билан 26 августгача ҳибсга олинган. У 8 август куни ушланди.

Бундан олдин, Атамбоев Қирғизистонда давлат тўнтаришига тайёргарлик кўришда айбланганди.

Top