21:43 / 16.08.2019
20464

ТИВ: Шавкат Мирзиёев Туркманистонга ташрифга тайёргарлик кўрмоқда

16 август куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Ашхобод шаҳрида Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Рашид Мередов билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳаммедов ўртасидаги мунтазам алоқалар давомида эришилган келишувларни амалий татбиқ этиш нуқтаи назаридан икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилди.

Вазирлар Ўзбекистон—Туркманистон муносабатларининг, халқаро ва минтақавий сиёсатнинг барча долзарб масалалари бўйича икки мамлакат мавқелари яқинлиги ва мос келишини мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи сиёсатининг устувор йўналишлари Марказий Осиёда тинчлик, хавфсизлик, барқарор ривожланиш ва фаровонликни таъминлаш, минтақанинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий ва илмий марказлардан бири сифатидаги тарихий ролини тиклаш бўйича вазифалар атрофида жамлангани таъкидланди.

Ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга бўлажак ташрифига тайёргарлик жараёнини муҳокама қилди.

Учрашувда минтақалараро ҳамкорликни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш, шу жумладан, тўғридан-тўғри Тошкент—Ашхобод ҳаво йўлини тиклаш, икки мамлакатнинг вилоят марказлари ўртасида автобус қатновини йўлга қўйиш ва фуқароларнинг ўзаро ташрифлари тартибини соддалаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Маслаҳатлашувлар якунига кўра вазирлар Ўзбекистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2020—2021 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастурини имзоланди.

Top