08:19 / 22.08.2019
4796

Суданда янги бош вазир тайинланди 

Фото: Al Arabiya

Суданда ўтиш ҳукумати раҳбари этиб Абдулла Ҳамдўк тайинланди. У 39 ой давомида ҳукуматга раҳбарлик қилади. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали  хабар берди.  

Таъкидланишича, Ҳамдўк кўплаб йиллар давомида БМТнинг Аддис-Абебедаги тузилмаларида юқори лавозимда ишлаб келган. У Суданга бош вазир этиб тайинланишидан бироз олдин қайтган.

21 августда Суданда мамлакатни кейинги сайловларгача 3 йил бошқариши керак бўладиган суверен кенгашнинг барча 11 аъзоси қасамёд келтирди.

Кенгашга 5 ҳарбий ва 6 фуқаро шахси кирган. 21 ой давомида кенгашга генерал Абдулфаттоҳ ал-Бурхон бошчилик қилади. Қолган 18 ой уни фуқаро шахси бошқаради.

Суданда ҳарбий тўнтарув юз бериб, собиқ президент Умар ал-Башир ҳокимиятдан четлатилгандан кейин мамлакатни ҳарбий кенгаш бошқариб келаётганди. Бу эса ҳарбийларнинг яккаҳокимлигига қарши норозиликлар келтириб чиқарган. Натижада ҳарбийлар мухолиф коалиция билан битим тузишган. Ҳужжатда мамлакатда ҳарбий-фуқаролик суверен кенгаши шакллантириш ҳақидаги банд ҳам бўлган. 

Суверен кенгаш ташкил этилиши мамлакатга сиёсий инқироздан чиқишга ва норозиликларга чек қўйишга ёрдам бериши кутилмоқда.

Top