Жамият | 16:21 / 22.08.2019
31190
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ҳайдовчилар ўртасидаги жанжалда икки киши аррадан жароҳат олди

Фото: Fotolia

Тошкент шаҳар Чилонзор туманида 13 август куни соат тахминан 15:10да «Спарк» русумли автомобиль ҳайдовчиси 28 ёшли Ш.М. ва “Хюндай” русумли автомобиль ҳайдовчиси 36 ёшли Қ.Ю. Кичик ҳалқа автомобиль йўли кўчасида кетаётиб, бир-бирига йўл бермасдан ўзаро уришиб кетишган. 

ИИББ хабарига кўра, жанжал давомида Ш.М. машинасидан арра олиб, Қ.Ю. ва у билан бирга бўлган йўловчи 27 ёшли Х.А.га жароҳат етказган. Ўз навбатида, улар ҳам Ш.М.га тан шикастлари етказишган. Натижада Қ.Ю., Х.А. ва Ш.М. тиббий ёрдамга мурожаат қилишган.

Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноий иш қўзғатилди.

18 август куни ички ишлар органларига келиб тушган хабарга кўра, жорий йилнинг 17 июль куни соат тахминан 13:00да Тошкент шаҳар Чилонзор тумани Тошкент ҳалқа автомобиль йўли кўчасининг қатнов қисмида “Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси 36 ёшли А.Х. ва “Матиз” русумли автомобиль ҳайдовчиси 46 ёшли Р.Д.лар ўрталарида келишмовчилик келиб чиқди. Келишмовчилик оқибатида А.Х. Р.Д.ни уриб, унга тан жароҳати етказди.

Ушбу факт бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (“Безорилик”) билан жиноий иш қўзғатилди.

“Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўлда ҳаракатланаётган вақтингизда бошқа ҳайдовчиларнинг ҳуқуқини ҳурмат қилишингизни сўраймиз. Арзимаган сабаб туфайли юзага келган келишмовчиликнинг оқибати нохуш ҳодиса билан тугаши мумкин”, - дейилади ИИББ хабарида.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид