Ўзбекистон | 14:11 / 23.08.2019
13883
3 дақиқада ўқилади

Мактабгача таълим бўйича кадрлар тайёрлаш тизими йўлга қўйилди

“Мактабгача таълим ва тарбия назарияси ва методикаси” ихтисослигидан педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгашда илк диссертациялар ҳимояси бўлиб ўтди.

Мамлакатда мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, турли шаклдаги мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш, уларни юқори малакали, замонавий фикрлайдиган тарбиячилар ва мутахассислар билан таъминлаш, таълим ва тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибаларини жорий этишга қаратилган лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга келиб мактабгача таълим вазирлиги томонидан соҳа учун илмий педагогик кадрларни тайёрлашга ҳам катта эътибор қаратилди. 2018 йили Олий малакали илмий ва илмий педагогик кадрлар ихтисосликлар рўйхатига янги 13.00.08. “Мактабгача таълим ва тарбия назарияси ва методикаси” ихтисослиги киритилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий Аттестация Комиссиясининг қарори билан Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳузурида педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаши ташкил этилди. Ушбу илмий кенгаш 13.00.08. “Мактабгача таълим ва тарбия назарияси ва методикаси” ихтисослиги бўйича мамлакатимиз тарихидаги биринчи ташкил ташкил этилган илмий кенгаш ҳисобланади.

2019 йил 22 август куни илмий кенгашнинг диссертацияси ҳимояси бўйича илк (биринчи) йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тадқиқотчи Нилуфар Режаматованинг “Ўзбек халқ чолғулари воситасида болалар ижодкорлигини шакллантириш технологияларини такомиллаштириш” мавзусидаги, Гўзал Назированинг “Мактабгача таълим муассасаларида педагогик жараёнларни такомиллаштириш” мавзусидаги диссертация ҳимояси бўлиб ўтди.

Илмий кенгаш раиси, профессор Қаҳрамон Олимов мавзу юзасидан шундай деди:“Ҳозирги кунда илмий кенгашга мазкур ихтисослик бўйича 1 та фан докторлик ҳамда 5 та фалсафа доктори (PhD) диссертациялари ҳимояга қабул қилинган. Шуни таъкидлаш жоизки, Мактабгача таълим муассасалари раҳбар ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институти ҳузурида докторантура ташкил қилинди ҳамда Мактабгача таълим ва тарбия муаммоларига қаратилган 100дан ортиқ муҳим мавзулар шакллантирилди. Бундан кейинги тадқиқотчиларга ушбу мавзулар бўйича илмий изланишлар олиб боришлари тавсия қилинади. Илмий тадқиқотлар олиб бориш учун ҳудудларда инновацион ва экспериментал майдончалар ташкил қилинган. Бундан кейин энг муҳим эътибор диссертация тадқиқоти натижасида ишлаб чиқилган янги методикалар, инновацион таълим технологиялари ва методик ишланмаларни амалиётга жорий қилинишига қаратилади”.

Мактабгача таълим ташкилотларида илғор хорижий тажрибаларни инобатга олиб ишлаб чиқилган “Илк Қадам” давлат ўқув дастурининг жорий қилиниши тадқиқотчилар учун кенг йўналишдаги изланишлар олиб бориш ва натижаларини таълим ва тарбия жараёнига татбиқ қилиш имконини беради.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид