Жамият | 18:49 / 26.08.2019
4741
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Тойлоқ туман кадастри учун замонавий бино қуриб битказилди

Самарқанд вилоят ер ресурслари бошқармаси Тойлоқ туман бўлими учун барча қулайликларга эга бино қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 июндаги 420-сонли қарори асосида «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва унинг тизимидаги ташкилотларни моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ишчи-ходимларга меҳнат ва яшаш шароитларини яхшилаш чора-тадбирлари белгилаб берилганди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси кўмаги билан янги бино барпо этилди.

Бунгача, мазкур ташкилотлар кўримсиз ва эски бўлган, ўтган асрнинг 60 йилларида қурилган биноларда фаолият юритаётган эди.

Икки қаватли янги бинонинг қурилиш ости майдони 406 кв.м. бўлиб,  туман ер ресурслари бўлими ҳамда вилоят «Ермулккадастр» Тойлоқ туман филиалининг 60 нафар ходимига мўлжалланган жами 28 хонадан иборат. Хоналарга замонавий мебель, ахборот-коммуникация технологиялари ва бошқа зарурий жиҳозлар билан таъминланди.

Тадбирда Тойлоқ туман ҳокимлиги ва вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси раҳбарияти, бошқарма тизимидаги вилоятдаги барча бўлим ва филиал раҳбарлари иштирок этди. Унда табрик билдирган бошқарма бошлиғи Содиқ Ҳакимов вилоят ҳокимлиги ва «Давергеодезкадастр» қўмитаси кўмаги билан бирин-кетин қолган туманларда ҳам ана шу каби замонавий бинолар қурилишини маълум қилди.

Бинонинг очилиш маросими олдидан, келаётган Мустақиллик байрами муносабати билан вилоятнинг барча шаҳар туман соҳа ходимлари ўртасида ўтказилган футбол мусобақасининг финал босқичи ўтказилиб, ғолиб ва фаол иштирокчиларга ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Жамшид Рузибаев
Тайёрлаган Жамшид Рузибаев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид