Ўзбекистон | 15:33 / 28.08.2019
60987
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон пахта йиғим-теримида қўл меҳнатидан қачон воз кечади?

Бугун, 28 август куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги мутасаддилари иштирокида Республика Президентининг «Аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари билан ўз вақтида таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан пресс-брифинг ташкил қилинди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири. 

Унда вазирлик вакиллари президент қарори ижроси юзасидан қилинаётган ишлар борасида маълумот бериб, журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарди.

Тадбир давомида Kun.uz мухбири томонидан Ўзбекистонда пахта йиғим- терими давомида ҳамон қўл меҳнатидан фойдаланилаётгани ва соҳада қачон тўла техника кучидан фойдаланишга ўтилиши, шунингдек, ҳозирда пахта йиғим-терими учун қанча техника воситалари мавжудлиги ҳамда етишмаётган пахта териш тракторлари ҳақида аниқ рақамлар бор-йўқлиги борасида савол берилган.

«Ҳозирда республикада экилган ғўза ҳосилини териб олиш учун жами 1500 та пахта териш комбайнларига эгамиз. Бу умумий пахта майдонларини жами 3.5%ни техника кучидан фойдаланган ҳолда териб олиш имконини беради.

Албатта, бизда уруғлик учун экилувчи ғўза майдонлар ҳам мавжуд. Ушбу майдонлардаги пахта фақат қўл кучида йиғиб олишни талаб қилади. Мазкур майдонлар эса жами пахта майдонларининг деярли 30%ини ташкил қилади. 

Мазкур 30% ҳисобдан чиқариб ташланганда, бизнинг техник имкониятимиз ҳозирги пахта майдонларининг 5%ни қамраб олган дейиш мумкин», дейди Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи Қодир Исмоилов.

Вазирлик мутасаддиси шунингдек, пахта-йиғим теримида техника кучидан фойдаланишга ўтиш борасида республиканинг яқин келажакдаги имкониятларни ҳам маълум қилди. Унга кўра, «ҳукумат томонидан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ 2025 йилга қадар, ҳозирги техника билан таъминланганлик бўйича ҳозирги 5% кўрсатгични 35%га олиб чиқиш режалаштирилган», дейди Қодир Исмоилов.

Вазирлик вакили ўз жавобида республикадаги пахта ҳосилини қачондан тўла техника кучи билан йиғиб олинишига аниқлик киритмаган.

Илёс Сафаров
Тайёрлаган Илёс Сафаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид