Ўзбекистон | 18:00 / 28.08.2019
20358
4 дақиқада ўқилади

Халқ демократик партияси ўзгараётгани ростми?

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги раиси Улуғбек Иноятов партия Сайловолди дастурига киритилаётган янгича ғоя ва мақсадлар ҳақида маълумот берди:

“Мамлакатимиздаги сиёсий партиялар ўта расмий кайфиятда, қуруқ тадбирлар ўтказиши кўп танқид қилинади. Биз йиллар давомида шаклланиб қолган бундай кўникмаларни тез ва қисқа муддатда ўзгартирмасак, сайловчилар эътибори ва ишончини қозона олмаймиз.

Шунинг учун партиямиз кўпчиликни ўйлантириб келаётган, мамлакатимиздаги долзарб ижтимоий масалаларга эътиборни кучайтирди. Охирги пайтларда тушунмовчиликларга сабаб бўлаётган масала “кам таъминланганлик” даражасини белгилаш бўйича аниқ мезонлар мавжуд эмаслиги билан боғлиқ. Бунинг оқибатида ижтимоий нафақаларни белгилаш, моддий ёрдам кўрсатиш жараёнларида қатор чалкашликлар кузатиляпти. Бу муаммо кеча ёки бугун пайдо бўлгани йўқ. Аммо партиямиз шу вақтга қадар ўзининг амалий таклифларини билдирган эмас. Бу борадаги халқаро амалиётни ўрганиш, яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси каби меъёрларни мамлакатимиз қонунчилигида мустаҳкамлаш назарда тутиляпти.

Улуғбек Иноятов

Олис қишлоқ аҳоли яшаш жойларида мактаб ўқитувчилари, шифокорлар ва бошқа ижтимоий соҳа мутахассислари тақчиллиги ижтимоий ривожланиш имкониятларини чеклаб қўймоқда. Бунинг асосий сабаби – мутахассислар учун ижтимоий шароит яратилмаган. Бу партиямиз дастурий мақсадларига узвий алоқадор масала. Гарчи турли йиғилиш ва тадбирларда муаммо бир неча бор айтилган бўлса-да, аниқ амалий таклиф берилмаган.

Мутахассислар олис қишлоқ жойларига бориб ишлашини рағбатлантириш, бу борада механизм яратиш ва уни қонун даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.

Жамиятимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг таълим олиши, бандлиги таъминланиши бўйича қатор муаммолар йиғилиб қолган. Шунингдек, бундай шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ташкилотларнинг моддий ва молиявий таъминоти аянчли ҳолатда. Очиғи, ушбу масала партиямиз ўтказган турли тадбирларда кўп тилга олинган, лекин биз томондан қатъий ҳаракат сезилмаган. Эслатиб қўйиш, таъкидлаш билан чекланилган. Аммо бу билан муаммо ҳал бўлиб қолмайди. Шунинг учун мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясига бел боғлаган нодавлат нотижорат ташкилотларга субсидиялар ажратиш устида иш олиб бориляпти.

 Юртимизда аҳолини энг кўп ўйлантирадиган масалалардан бири коммунал хизматлар ва уларнинг тарифлари билан боғлиқ экани сир эмас. Нарх-наво ва тарифларни, шунингдек, коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар рентабеллигини белгилаш, бу борада ҳуқуқий асосларни қонун даражасида мустаҳкамлаш долзарб аҳамият касб этмоқда. Партиямиз Сайловолди дастурида шу масала бўйича таклифлар назарда тутиляпти.

Ҳаммамизга маълумки, жамиятда ижтимоий тенгликни таъминлашда тиббий хизмат сифатини яхшилаш асосий омиллардан бири ҳисобланади. Бу партиямиз учун принципиал масаладир. Шунинг учун дастуримизга мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъий назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар ҳажмини қонуний жиҳатдан белгилаш ҳақида ҳам таклиф киритиляпти”.

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид