12:52 / 29.08.2019
0
29658

Бўш иш жойларини яширганлик учун жавобгарлик кескин кучайтирилди

Иллюстратив фото

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қуйидаги қўшимча ва ўзгартишлар киритилди:

қуйидаги мазмундаги 49-4-модда билан тўлдирилди:

«49-4-модда. Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш

Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш - фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса - ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса - фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса - йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

229-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«229-модда. Бўш иш ўринларини яшириш

Бўш иш ўринларини (вакант лавозимларни) яшириш, бўш иш ўринлари (вакант лавозимлар) ёки ҳар бир ходим бўшатиб олиниши кутилаётганлиги тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида тақдим этмаслик, иш билан таъминлашга кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратмаларни тўлашдан бўйин товлаш - мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса - мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг йигирма беш бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади».

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top