Спорт | 12:21 / 29.08.2019
67797
9 дақиқада ўқилади

Ёзнинг энг шов-шувли трансфери. Сериал якунига етмоқда

Фото AFP

Париж клуби футболчи учун камида 170 миллион евро сўрамоқда, каталонияликлар трансферга Дембелени қўшишмоқчи.

Неймар ва «Барселона». Ибтидо
Неймар болалигидан дунёдаги энг яхши футболчи бўлишни орзу қиларди. У орзусига эришиш учун «Сантос»да ҳаракат бошлади, аммо Пелелар даври ўтган — эътироф этилиш учун Европага йўл олиш талаб этиларди. Жаҳоннинг энг яхши футболчиси бўлиш учун жаҳоннинг энг яхши жамоасида тўп суриш зарур эди. Неймар «Барселона»ни шундай жамоа сифатида танлади. Айтишларича, 2011 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати финалида «Сантос» ва «Барса» ўртасидаги учрашувдан кейин форвард Месси ва Хавининг олдига келиб, камтарлик билан уларга шундай деган: «Мени ўзларинг билан олиб кетинглар. Мен сизнинг клубда ўйнашни истайман». Ўша ўйинда каталонияликлар 4:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Бразилиялик футболчида бундай истак уйғонишини тушуниш мумкин эди.

Икки йил ўтиб «Барселона» яна «Сантос» билан учрашди, бу сафар мавсумлар оралиғидаги назорат ўйинида. Энди Неймар аллақачон каталонияликлар сафига ўтган ва ўша ўйинда майдонга ҳам тушганди, аммо у собиқ жамоасига битта ҳам гол урмади. Ўша спарринг каталонларнинг 8:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланганди. Ёш футболчи «энг яхши» бўлишни орзу қилишда давом этар, ҳозирча Месси шоҳсупада эди.

Леонинг соясида
Неймар «Барселона»да ўтган уч йил давомида режа бўйича ўсишда давом этди. Бразилиялик футболчи жамоада чап қанот ҳужумида алмаштириб бўлмас футболчи эди, у жамоа билан 2015 йилда Чемпионлар лигасида ғалаба қозонди, 2016 йили ЕЧЛда «ПСЖ»га қарши тарихий 6:1 ҳисобидаги ғалабанинг асосий сабабчиларидан бўлди. Аммо у ҳамон Мессидан кейинги иккинчи планда эди. Шу ерда кичик Неймарнинг тарихида танаффус ва катта Неймар тарихи бошланди.

Ўғил дунёнинг энг яхши футболчиси бўлишни истаган бўлса, отаси — дунёдаги футболчиларнинг оталари орасидаги энг бой дада бўлишни. «Сантос»дан трансфер учун каталонлар унга 40 миллион евро миқдорида комиссия пули тўлашганди (ундан аввалроқ яна 10 миллион еврони аванс сифатида беришгани ҳақида ҳам маълумотлар бор) — на Мино Райола, на Жорже Мендеш бирор трансфердан бунча пул ишлаган. Футболчи «Барселона»да яхшигина маош олган: йилига 14 миллион евро (солиқлар чиқариб ташланганда), аммо бу ҳам очкўз отага камлик қилди. Катта Неймар солиқларни тўлашдан қочди, шу туфайли испан суди ҳамон бразилиялик футболчини тинч қўймайди.

Кейин «ПСЖ»дан таклиф тушди. Бу амалга ошмайдиган трансфердек кўринганди, аммо бу амалга ошди. «Барселона» ҳисобига 222 миллион евро келиб тушгач, Неймар янада каттароқ маош учун Парижга йўл олди, унинг отаси бу трансферни ҳал қилгани учун қанча миқдордаги хизмат ҳақи олгани ҳозиргача номаълум.

У ўғли 2016 йилда каталонияликлар билан шартномани узайтиргани учун бонус сифатида 26 миллион евро олган, 2017 йилда эса Неймар 1 августга қадар каталонияликлар сафида бўлгани эвазига яна 27 миллион евро олган, Париж клубига трансфер учун эса камида 10 фоизлик улушга (22,2 миллион евро) эга бўлган. Агар Неймар Каталонияга қайтса у яна 20 миллион евро атрофида улуш ундириши тайин.

Бу футболчининг ўзига нега керак эди? Миш-мишларга кўра, ота Неймар ўғлини Мессининг соясидан чиқишини айтиб бошқа клубга ўтишга кўндирган. Лекин ўзингдан зўрни енгмасдан туриб энг зўр бўлиш мумкинми? Шундай вақтлар бўлдики, Леонинг ўзи Неймарнинг олдига келиб шундай деган: «Нима истайсан? Олтин тўпми? Мен шундай қиламанки, сен унга эга чиқасан». Албатта Месси коррупция йўли билан жамоадошига бу совринни олиб беришни ният қилмаганди, аммо унинг голли узатмалари билан бразилиялик футболчида бу орзусига эришиш имконияти бор эди.

Неймар ўйлаб кўрди — ва рози бўлмади. МСН триоси тарқалди, бразилиялик футболчи катта пуллар учун Парижга йўл олди. Ва сайёранинг энг яхши футболчиси бўлиш учун ҳам.

Жаҳаннамда
Неймар Парижда футбол майдонида ҳам, газеталар саҳифаларида ҳам унданда зўрроқ бошқа бир футболчи бўлишини тахмин ҳам қилмаганди. Аммо ўша ёзда катта режалар тузган «ПСЖ» айёрона схемалар билан Мбаппени ўз сафига қўшиб олганди, ушбу 19 ёшли футболчи янги авлод юлдузи бўлиб улгурганди. Неймар яна бир жамоада бошқа юлдуз соясида қола бошлади. У олдинги планга чиқишга уринди, аммо бу осон эмасди. Бразилиялик футболчи доимий равишда жароҳат ола бошлади, «Олтин тўп» учун даъвогарларнинг якуний рўйхатига киришни тўхтатди ва «Барселона»ни соғиниб, жамоага қайтиш ҳақида ўйлай бошлади.

Айтишларича, Френки-де Йонг «ПСЖ» ва «Барса»дан бирини танлай олмай юрганида, каталонияликлар унга Неймар билан шахсий ёзишмаларни кўрсатишган. Унда саккиз йил муқаддам бўлгани каби, бразилиялик футболчи  «Барселона» сафида ўйнаш истаги ҳақида билдирган. Де Йонг шундан кейин Парижнинг олтин қафаси нима эканини англаб етган ва Испания чемпионатига йўл олган, Неймар ҳозир ҳам шунга уринмоқда. Аммо асирликдан қочиш учун нима қилиш керак?

«Барселона» президенти Хосеп Бартомеу ҳам, Неймарнинг отаси ҳам бу трансфердан манфаатдор. Ахир бу бўлиб олиш мумкин бўлган катта пуллар. Бундай пайтда на 120 миллион еврога сотиб олинган Гризманн, на жамоа тўрт нафар топ-форвардга эгалиги, на соғлом фикрлар ҳисобга олинмайди. Ва «хоин»нинг қайтишига қарши бўлган мухлислар эътирози ҳам.

«ПСЖ» эса айни вақтда Килиан Мбаппе ва Эдинсон Кавани жароҳат олгани туфайли ҳужумчисиз қолди. ОАВда Мауро Икарди ва Пауло Дибала Парижга олиб келиниши ҳақида хабарлар тарқала бошлади.

Неймар ва «Барселона». Бу сериал якунланиб қолдими?
Кўк-анорранглилар раҳбарияти Неймарни қайтаришни исташмоқда, аммо уларнинг пули тугаб қолган. Яна кредит олинадими? Бартомеу бу ҳақда ўйлаб кўрди, аммо бу вариант маъқул эмас. Шу туфайли «Барса» Парижга ўзига кераксиз бўлган футболчиларни жўнатмоқчи: аввал Коутиньони таклиф қилишди, кейин Юмтити ва Ракитич ҳақида хабарлар тарқалди, якуний вариантга кўра эса Дембеле Париж пойтахтига йўл олиши мумкин, шу кунларда у Instagram саҳифасидан «Барселона» футболчиси» деган ёзувни ўчириб юборди.

Клублар вакиллари келишувга эришиш учун Парижда икки кун давомида музокара ўтказишди. Шайхлар кўп пул сўрашмоқда, «Барселона» иккита траншда бўлиб тўлашни назарда тутган ҳолда 170 миллион евро таклиф қилмоқда. Муаммо шундаки, кўк-анорранглилар пулнинг биринчи қисмини ҳам шу йилда тўлай олишмайди, ҳатто кредит олинса ҳам: акс ҳолда УЕФА каталонияликларни молиявий фэйр-плейга амал қилмагани учун қаттиқ жазолайди. Шу сабаб туфайли «Барса» бир қанча футболчиларидан халос бўлиши керак, бу орқали маошлар ведомостини енгиллаштиришади. Шу туфайли Коутиньо «Бавария»га ижарага берилди, Ракитични эса «Ювентус»га жўнатишмоқчи. Неймар, аввалги сафар бўлгани каби трансфер бозорини портлатиши мумкин.

Музокараларнинг янги босқичи бошланиб кетган. Яқин орада томонлар келишувга эришиши кутилмоқда: Париж ёки пулни олади, ёки пул ва футболчилар. Бу уддалаб бўлмайдиган ишдек кўринади, аммо Неймар билан ҳаммаси мумкин. 0:4 ҳисобидан кейинги 6:1 ҳисобидаги камбэк, 222 миллион евро миқдоридаги трансфер ва дарбадар ўғилнинг «Барселона»га қайтиши.

«Реал» варианти ҳам сақланиб турибди. Ва ҳатто, у барибир «Пари Сен-Жермен»да қолиши ҳам мумкин.

Ёзги трансферлар якунланишига яна бир неча кун қолди. Бу кунлар жуда қизиқ ўтиши ва катта воқеалар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Мавзуга оид