Спорт | 08:30 / 31.08.2019
77640
2 дақиқада ўқилади

Бектемир Мелиқўзиев мексикалик рақибини биринчи раунддаёқ нокаутга учратди

Фото: Twitter/@GoldenBoyBoxing

Профессионал бокснинг супер ўрта (76,2 кг) вазн тоифасида фаолиятини давом эттираётган Бектемир Мелиқўзиев (2-0, 2 КО) навбатдаги ғалабани қўлга киритди.

Калифорнияда ўтказилган жангда ўзбекистонлик боксчи мексикалик Рикардо Луна Флорес (22-7-1, 14 КО) билан баҳслашди. Жанг саккиз раундга мўлжалланган бўлса-да, биринчи раунддаёқ ниҳоясига етди. 

Бектемир Мелиқўзиев Рикардо Луна Флоресни қатор аниқ зарбалар билан қулатди. Жанг ҳаками раунд якунига 56 сония вақт қолганида нокаут ҳолатини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев жорий йилнинг 14 июнь куни Лос-Анжелесда, Ҳолливуддаги The Avalon саройида профессионал боксдаги илк жангида шу вақтга қадар профессионал рингда 46 жанг ўтказган аргентиналик Мартин Фидел Риосга (23-20-4, 13 КО) қарши рингга кўтарилганди. 6 раундга мўлжалланган жангнинг биринчи раундидаёқ профи-боксдаги фаолиятини «безори» (Bully) лақаби билан бошлаган ўзбекистонлик спортчи томонидан берилган дастлабки кучли зарба Риосни ерга қулатди ва ҳакам соф нокаут қайд этди.

Бектемир Мелиқўзиев шу йилнинг апрелидан буён Америкада «Мир бокса» промоутерлик клуби таркибида машғулотларда иштирок этиб келмоқда. Унинг мураббийлари Жоэл Диас ва Антонио Диас ҳисобланади.

Мавзуга оид