10:44 / 31.08.2019
0
7616

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакили тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди 

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Марказий сайлов комиссиясининг сиёсий партияларнинг ваколатли вакили тўғрисидаги низом лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, сиёсий партия сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун ваколатли вакил тайинлашга ҳақли.

Сиёсий партия аъзоси ёки тарафдори ёхуд сиёсий партияга хайрихоҳ бўлган ҳар қандай Ўзбекистон Республикасининг 18 ёшга тўлган фуқароси сиёсий партиянинг ваколатли вакили бўлиши мумкин.

Марказий сайлов комиссиясининг мажлисларида, ҳужжатларни топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда иштирок этиш учун сиёсий партия юқори органининг раҳбари сайлов кампанияси бошланганлиги расман эълон қилинган кундан бошлаб беш кунлик муддатда ўз ваколатли вакилини тайинлайди ҳамда унга тегишли ҳужжатларни (мурожаатнома, номзоднинг паспорт нусхаси, 2 дона 3 х 4 ҳажмдаги фотосурати) рўйхатдан ўтказиш учун Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади.

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия томонидан тавсия этилган ваколатли вакил номзодига тегишли ҳужжатларни кўриб чиқиб, уч кунлик муддатда уни рўйхатга олади ва белгиланган шаклда унга гувоҳнома (мандат)ни беради.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатган сиёсий партиянинг ҳудудий органлари сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиш учун сайлов участкалари тузилган кундан эътиборан ўз ваколатли вакилларини тайинлайди.
 
Сиёсий партиянинг ҳудудий органи раҳбари сайловга камида ўн беш кун қолганида ариза билан тегишли сайлов комиссиясига сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхатини (исми-фамилияси, лавозими, яшаш манзили ва телефон рақами кўрсатилган ҳолда) тақдим этади.

Бунда ариза:

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида ваколатли вакиллар рўйхатини Президент сайловини ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

маҳаллий кенгашларга сайлов бўйича Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати сайлови ҳамда Халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) депутатлигига сайловлар бир вақтда ўтказилганида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиясига тақдим этилади. Аризага ваколатли вакилликка номзоднинг паспорт нусхаси, 2 дона 3 х 4 ҳажмдаги фотосурати илова қилинади.

Тегишли сайлов комиссияси сиёсий партиянинг ваколатли вакиллари рўйхати келиб тушган вақтдан бошлаб, беш кун ичида ваколатли вакилларни рўйхатга олади ва уларга белгиланган шаклда гувоҳнома (мандат) беради.

Гувоҳнома (мандат)да сиёсий партияни бошқа сиёсий партиядан фарқлаш учун алоҳида белгилар (ранги ёки бошқа) акс эттирилиши мумкин.

Қуйидаги ҳолларда ваколатли вакилга гувоҳнома (мандат) бериш рад этилиши мумкин:

номзод 18 ёшга тўлмаган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаса;

сайловга ўн беш кундан кам муддат қолганда мурожаат этилса;

тегишли сайлов округи бўйича сиёсий партиядан номзод рўйхатга олинмаган бўлса (сиёсий партиянинг кузатувчилари учун);

кўрсатилган ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаса.

Сиёсий партия сайловга қадар истаган вақтда тегишли сайлов комиссиясини ёзма равишда хабардор қилган ҳолда ваколатли вакилни ваколатидан маҳрум қилиши мумкин. Бундай ҳолларда сайлов комиссияси ваколатли вакилни рўйхатдан чиқаради ва унга берилган гувоҳнома (мандат)ни бекор қилади.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили:

сайлов комиссиясининг мажлисларида, сайлов комиссияларига ҳужжатларни, шу жумладан тўпланган имзо варақларини топширишда, имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текширишда, сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этишга;

участка сайлов комиссиясининг баённомаси билан танишиш, шу жумладан участка сайлов комиссияси баённомасининг тасдиқланган кўчирма нусхасини олишга ҳақли.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили такрорий овоз бериш пайтида ҳам сайлов участкасида овозларни санаб чиқишда иштирок этиши мумкин.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан сайлов қутиларини муҳрлашга, очишга, овозларни санаб чиқишга аралашиши мумкин эмас.

Сиёсий партияларнинг ваколатли вакиллари шахсини тасдиқловчи ҳужжатни, сиёсий партия томонидан берилган ҳужжатни ва тегишли сайлов комиссиясининг гувоҳномаси (мандати)ни ўз ёнида олиб юриши шарт.

Сиёсий партиянинг ваколатли вакили:

агар сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш жараёнида қонун ҳужжатлари талаблари бузилишига йўл қўйилган деб ҳисобласа, бу ҳақда ушбу участка сайлов комиссияси аъзоларига маълум қилади;

участка сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда юқори сайлов комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

Сиёсий партия ваколатли вакилининг ваколат муддати сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот матбуотда эълон қилинган кундан эътиборан тугаган ҳисобланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top