Спорт | 14:25 / 02.09.2019
54259
6 дақиқада ўқилади

Абдусалом Азизов ЖЧ саралаши олдидан миллий жамоа аъзоларига мурожаат қилди

Ўзбекистон спорти раҳбарияти мамлакат миллий ва олимпия терма жамоалари футболчилари ва мураббийлар штаби вакиллари билан учрашди.

Бугун, 2 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтган учрашувда ЎФА президенти Абдусалом Азизов, Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев, Миллий олимпия қўмитаси президенти Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этди.

Токио Олимпиадасига йўлланма берувчи Осиё чемпионати ва ЖЧ саралашига тайёргарлик доирасида миллий ва олимпия терма жамоалари айни кунларда Тошкентда йиғин ўтказмоқда.

Очиқ ва самимий суҳбат тарзида кечган учрашувда Рустам Шоабдураҳмонов ҳамда Абдужаббор Абдувоҳидов ҳар икки терма жамоадан ҳам мухлислар юксак натижалар кутаётганини таъкидлаб, жамоа вакилларидаги кайфият қандай экани билан қизиқишди ва бўлажак ўйинларда омад тилашди, дейилади ЎФА хабарида.

Шунингдек, ассоциация президенти Абдусалом Азизов футболчиларга мурожаат қилди.

«Бизни олдинда жуда катта ва масъулиятли ўйинлар кутиб турибди. Ўзбекистон терма жамоаси ҳали бирор марта Жаҳон чемпионати ва Олимпия ўйинларида қатнашмаган. Ҳар сафар бизга нимадир – 1 очко ёки 1та гол етмай қолади. Мухлислар учун эса бу аламли натижа. Кўпинча бу нарсани омад юз ўгириши билан изоҳлаймиз. Лекин омаднинг ортида меҳнат ва ҳаракат ётади. Омад меҳнат қилган одам билан ҳамиша ёнма-ён юради. Шундай экан бўлажак мусобақаларга биз ҳар томонлама тайёр бўлишимиз керак. Ўтмишдаги хатолардан тўғри хулоса чиқаришимиз керак.

Ҳозирги пайтда биз учун аҳамиятсиз нарсанинг ўзи йўқ. Айниқса, ҳар бир рақибга қарши ҳал қилувчи ўйинга чиққандек жиддий ёндошишимиз керак. Биз учун ҳар бир ўйин ва ҳар бир гол муҳим. Сўнгги дақиқаларгача юз фоиз куч билан ўйнашимиз талаб этилади. Битта гол уриб олиб, кейин хотиржамликка берилиш энг катта хатолардан бири бўлиши мумкин.

Давлатимиз раҳбари менга ушбу масъулиятли лавозимни топшираётганда юртимиздаги миллионлаб мухлислар, айниқса, ёшларимиз кайфиятига футболнинг қанчалик таъсир қилиши, шунинг учун ҳам футболда энг аввало адолат ўрнатилиши, қолаверса, ижобий натижалар қайд этилиши муҳим эканини таъкидлаб ўтган эдилар.

Биз ассоциациядаги фаолиятимизнинг дастлабки кунларидан футболда ҳалол ўйин принциплари устуворлигини таъминлашга эътибор қаратдик. Келишилган ўйинлар каби иллатларга қарши кураш бошланган ва бундан кейин ҳам давом этади. Шунда мухлислар бизга ишонишади, чемпионатимизга, терма жамоамизга бўлган эътибор тикланади.

Ҳозирги кундаги энг муҳим вазифа – мухлисларимиз ишончини оқлаш. Моддий масалалар эса иккинчи даражали. Агар ижобий натижа қайд этилса, сиз тарихда қоласиз, мухлисларимиз орзулари ушалади. Ана ундан кейин моддий томони ҳам ўз-ўзидан яхшиланади, сизни дунё кўради, трансфер масалаларига ҳам бу яхши таъсир қилади. Қолаверса, ҳозирдан сизга айтиб ўтишим мумкинки, сизнинг ҳар бир ютуғингиз муносиб тарзда мукофотланади.

Сизда қандай муаммо бўлса, биз ҳал қилишга тайёрмиз. Бемалол очиқ тарзда барча муаммо ва камчиликлар ҳақида айтиб ўтишингиз мумкин. Балки ҳозир гапира олмаётгандирсиз, аммо ҳамма вақт сизнинг ёнингизда терма жамоалар бўлими раҳбари Азиз Ҳайдаров бор. Узоқ йиллар терма жамоа аъзоси бўлиб ўйнаган, бу соҳани ичидан билган инсонни бежизга бу лавозимга тайинлаганимиз йўқ. У сиз билан бизнинг ўртамизда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз.

Футболчи учун энг муҳим жиҳат – бу ўзига бўлган ишонч. Мен сизлардан айнан шуни кутмоқдаман. Сиз ҳеч қайси бир футбол юлдузидан кам жойингиз йўқ. Ўзингизга ишонинг, ортингизда халқ турганини ҳис этинг, мақсад сари охиригача интилинг. Ўз навбатида биз футболчилар ва мураббийлар штабига тўлиқ ишонч билдирамиз. Ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилиб, албатта ўз мақсадимизга эришамиз», – деди Абдусалом Азизов.

Ўз навбатида, Ўзбекистон миллий жамоаси устози Эктор Купер кўрсатилаётган эътибордан мамнун эканини билдирди. Бош жамоа устози айни пайтда терма жамоа ихтиёрида бўлган футболчиларнинг ҳаракатлари ва жисмоний ҳолатидан кўнгли тўлаётганини таъкидлаб, барча бир мақсад йўлида бирлашиб, аҳил жамоа бўлиб, бош мақсад – мундиал йўлланмаси қўлга киритилиши йўлида биргаликда меҳнат қилишини алоҳида қайд этди.

Қолаверса, Олимпия терма жамоа бош мураббийи Любинко Друлович ҳам олимпиячилар қитъа чемпионатига жиддий ҳозирлик олиб бораётгани, барча йигитлар олдиларидаги масъулиятни тўла ҳис этиб, машғулотларда қаттиқ тер тўкаётганини айтиб ўтди.

Футболчилар номидан сўзга чиққан иккала жамоа сардори Одил Аҳмедов ҳамда Ислом Қобилов терма жамоа аъзоларининг барчаси олдинда турган муҳим учрашувларга ҳар жиҳатдан тайёр эканини, мухлислар орзиқиб кутаётган мақсад йўлида тинмай меҳнат қилинишини билдиришди ва бу йўлда бор куч-маҳорат ишга солинишига ваъда беришди.

Эслатиб ўтамиз, миллий жамоа ЖЧ-2022 саралашидаги илк ўйинни 5 сентябрь, шу ҳафтанинг пайшанба куни Фаластин майдонида ўтказади. «D» гуруҳидан  Саудия Арабистони, Сингапур ва Яман термалари ҳам ўрин олган.

Олимпия терма жамоаси эса 2020 йил январда Таиландда ўтадиган Осиё чемпионатида қатнашади. Унда дастлабки учта ўринни эгаллаган жамоалар Токио Олимпиадасига йўлланмани қўлга киритади.

Мавзуга оид