Ўзбекистон | 09:32 / 02.09.2019
25739
12 дақиқада ўқилади

Янги Солиқ кодекси лойиҳаси яна муҳокама учун эълон қилинди

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида янги Солиқ кодекси лойиҳаси яна жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатлар рўй бериши керак бўлган воқеа ёки амалга оширилиши керак бўлган ҳаракат кўрсатилган календарь сана билан ёки вақтнинг йиллар, чораклар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган ўтиш даври билан аниқланади.

Календарь санадан ёки воқеа рўй бериши керак бўлган санадан кейинги кун солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган муддатни ҳисоблаш куни деб ҳисобланади.

Йиллар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди. Бунда кетма-кет келадиган 12 ойдан иборат ҳар қандай вақт даври йил деб эътироф этилади, календарь йил бундан мустасно.

Чораклар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Бунда чорак уч календарь ойга тенг деб ҳисобланади, чоракларни санаш эса календарь йил бошидан эътиборан олиб борилади.

Ойлар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди.

Агар муддатнинг тугаши тегишли сана мавжуд бўлмаган ойга тўғри келса, муддат мазкур ойнинг охирги кунида тугайди.

Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади. Бунда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) ишланмайдиган байрам куни деб эътироф этилмайдиган кун иш куни деб ҳисобланади.

Агар муддатнинг охирги куни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ дам олиш ва (ёки) ишланмайдиган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) ишланмайдиган кундан кейинги иш куни муддатнинг тугаш куни деб ҳисобланади.

Амалга оширилиши учун муддат белгиланган ҳаракат муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар бажарилиши мумкин.

Агар ҳужжатлар ёхуд пул маблағлари алоқа ташкилотига муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилмаган деб ҳисобланади.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари мажбурийлик, адолатлилик, аниқлик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципларига асосланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланади:

1) фойда солиғи;

2) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

3) қўшилган қиймат солиғи;

4) акциз солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи;

8) ер солиғи;

9) ягона ижтимоий солиқ.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиғимлар белгиланиши мумкин. Йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Автотранспорт йиғимини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодекс билан тартибга солинади.

Давлат божи – юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатларни берганлик учун олинадиган тўловдир. Ўзбекистон Республикасининг консуллик муассасалари томонидан консуллик ҳаракатларини амалга оширганлик учун давлат божи консуллик йиғими тариқасида ундирилади.

Давлат божини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш тартиби давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланади.

Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу Кодекс билан махсус солиқ режимлари белгиланади.

 Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги махсус солиқ режимлари белгиланади:

1) айланмадан олинадиган солиқ;

2) маҳсулот тақсимоти тўғрисидаги битимлар иштирокчиларига солиқ солишнинг алоҳида тартиби;

3) махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга солиқ солишнинг алоҳида тартиби.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчилари ва чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун махсус солиқ режимлари қонун ҳужжатларида ёки инвестиция битимларида назарда тутилган инвестицияларни амалга ошириш ҳамда бошқа шартларни бажариш билан боғлиқ ҳолда муайян муддат учун белгиланади.

Махсус солиқ режимлари айрим солиқларни тўлашдан озод этишни, шунингдек пасайтирилган солиқ ставкаларини ва бошқа солиқ имтиёзларини қўллаш назарда тутиши мумкин.

Солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектлари деб эътироф этилади.

 Белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига юклатилган юридик ва жисмоний шахслар солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.

Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари мазкур шахсларнинг солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятларини ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари жойлашган жойи бўйича бажаради.

Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.

Солиқ тўловчилар:

1) солиқ органларидан ва бошқа ваколатли органлардан (уларнинг ваколатлари доирасида) амалдаги солиқлар тўғрисида, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги ўзгаришлар ҳақида, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборот олиш, шунингдек, солиқ ҳисоботининг ва аризаларнинг шаклларини, уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш;

2) ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларидаги ва бошқа ваколатли органлардаги мавжуд маълумотларни олиш;

3) ушбу Кодексда белгиланган асослар мавжуд бўлганда ва тартибда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш;

4) солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида ҳисобга ўтказиш ёки қайтариш;

5) ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва шартларда солиқларни тўлашни кечиктириш ва (ёки) бўлиб-бўлиб тўлаш;

6) солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш;

7) ушбу Кодексга мувофиқ ўзларининг ҳудудларида ўтказиладиган сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудитида иштирок этиш;

8) сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити материаллари билан танишиш, шунингдек ушбу текширувларнинг далолатномаларини олиш;

9) солиқ текширувини амалга оширувчи солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш;

10) солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг ушбу Кодексга ва (ёки) солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик;

11) солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларининг норматив тусга эга бўлмаган ҳужжатлари ва қарорлари улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

12) солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларининг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарларнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш;

13) ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ текшируви материалларини ёки солиқ органларининг бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

14) солиқ муносабатлари масалаларига оид ўз манфаатларини шахсан ёки ўз вакили орқали, шу жумладан солиқ маслаҳатчилари ташкилоти орқали ифодалаш;

15) солиқ сирига риоя этиш ва уни сақлаш ҳуқуқига эга.

Солиқ тўловчилар ушбу Кодексда ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқларга ҳам эгадир.

Солиқ тўловчининг солиқ муносабатларида шахсан иштирок этиши уни вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди, худди шунингдек вакилнинг иштирок этиши солиқ тўловчини бундай муносабатларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар мансабдор шахсларининг тегишли мажбуриятлари билан таъминланади.

Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.

Солиқ тўловчилар:

1) белгиланган солиқлар ва йиғимларни, аванс олдиндан тўланадиган ҳамда жорий тўловларни ушбу Кодекснинг махсус қисмида белгиланган тартибда ва муддатларда, ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши;

2) ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтириш бериш зарурияти тўғрисида чақирув хати олинганда солиқ органига келиши;

3) товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга ҳисобварақ-фактуралар, чеклар ёки уларга тенглаштирилган ҳужжатларни бериши;

4) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқарилганлиги ва ўз вақтида тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек электрон жисмларда сақланадиган тегишли ахборот билан танишиш учун киришини таъминлаши;

5) солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариши, шунингдек кўрсатилган органлар ва улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;

6) агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботларининг ва солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг тегишли солиқларни тўлаш учун белгиланган календарь йилдан кейинги олти йил мобайнида сақланишини таъминлаши;

7) ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларини Ўзбекистон Республикаси юридик шахслари ва чет эл юридик шахсларидаги иштироки тўғрисида хабардор этиши;

8) солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ўз зиммасига олиши шарт.

Солиқ тўловчи бўлган юридик шахслар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ўзлари ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига ўзларининг барча алоҳида бўлинмалари тўғрисида ва алоҳида бўлинмаларга оид илгари хабар қилинган маълумотларидаги ўзгаришлар тўғрисида алоҳида бўлинма ташкил этилган ва мазкур маълумотлар ўзгартирилган кундан эътиборан бир ой ичида маълум қилиши шарт.

Ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш мажбурияти зиммасига юклатилган шахслар солиқ органлари солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинадиган муносабатлардаги ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида фойдаланадиган ҳужжатларнинг солиқ органидан телекоммуникация тармоқлари орқали электрон шаклда олинишини таъминлаши керак. Бунда ҳужжатлар жўнатилган санадан эътиборан уч кун ичида олинган деб ҳисобланади.

Ушбу Кодексга мувофиқ солиқ солиш объекти деб эътироф этиладиган кўчмас мол-мулкка эга бўлган чет эллик юридик шахслар ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, кўчмас мол-мулк объекти турган жойдаги солиқ органига ушбу чет эллик юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хабар қилиши шарт. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари мазкур ҳолатларда ўз муассислари, бенефициарлари ва бошқарувчилари ҳақидаги маълумотларни хабар қилиши керак. Чет эллик юридик шахсда (юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмасида) ушбу моддада кўрсатилган бир нечта мол-мулк объекти мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шахс танловига кўра, хабар мол-мулк объектларининг бири турган жойдаги солиқ органига тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан солиқлар тўлайдиган солиқ тўловчилар Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятларни ҳам ўз зиммасига олади.

Солиқ тўловчи ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгар бўлади.

Мавзуга оид