21:49 / 09.09.2019
0
21342

Туркманистон Ўзбекистонга компьютерларни етказиб беришни режалаштирмоқда

Фото: turkmenistan.gov.tm

2019 йил охирига қадар Туркманистон Республикаси ўз бренди остида компьютерларни ишлаб чиқаради ва уларни Марказий Осиёнинг барча давлатларига етказиб беришни режалаштирмоқда, деб хабар беради «Туркмен Довлат Хабарлари».

2018 йил октябрь ойида Хитойнинг Hengsheng Lianhua Investment Management Co. Ltd. ва Tongfang Hongkong Limited компаниялари билан ҳамкорликда компьютер техникасини ишлаб чиқарувчи «Оғзибирлик Тилсимоти» корхонаси ташкил қилинган эди. Бу йили ушбу корхона томонидан болалар учун мўлжалланган 80 мингта компьютер ишлаб чиқарилди ва президент Гурбангули Бердимуҳамедов номидан биринчи синф ўқувчиларига совға қилинди.

Хабарга кўра, бугунги кунда корхонада ноутбук, планшет, моноблок, шахсий компьютер ва ҳатто серверларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда ва уларнинг сонини йилига 500 мингтага етказиш режалаштирилмоқда. Бу эса юқори технология товарлари импортини камайтириб, ўз маҳсулотини экспорт қилиш ва бу борадаги президент топшириғини бажариш имкониятини беради.

Таъкидланишича, «Оғзибирлик Тилсимоти» корхонаси Марказий Осиёда компьютер техникасини ишлаб чиқарувчи ягона заводдир. Бу эса туркман бренди остидаги маҳсулотларни қўшни мамлакатларга ҳам етказиб бериш имкониятини оширади.

Ҳозирги кунда корхона «Майкрософт» ва «Интел» компаниялари билан ҳамкорлик қилмоқда. Ўз навбатида улар Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Афғонистондаги дилерларга туркман компьютерларини харид этишни тавсия қилган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top