Ўзбекистон Нотариал палатасининг асосий вазифалари белгиланди
Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг барча нотариал идоралар нотариусларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон Нотариал палатасини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.
Қуйидагилар Ўзбекистон Нотариал палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
нотариал идоралар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, қонун ҳужжатлари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш ҳамда қонун ҳужжатларининг бир хилда қўлланилишини таъминлашга доир таклифлар ишлаб чиқиш;
низоларнинг олдини олувчи институт сифатида нотариат ролини мустаҳкамлаш, нотариуслик касби нуфузини ошириш, шунингдек, нотариусларнинг касбий тайёргарлиги ва малакаси оширилишини ҳамда уларнинг фуқаролик жавобгарлиги мажбурий суғурталанишини ташкил этиш;
ягона нотариал амалиётни таъминлаш чораларини кўриш, нотариал идоралар фаолияти тўғрисидаги статистик маълумотларни тўплаш ва ўрганиш, ижобий иш тажрибасини оммалаштириш ҳамда нотариусларга услубий ёрдам кўрсатиш;
аҳолининг ҳуқуқий билимлари ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга ошириш;
давлат органлари, бошқа ташкилотлар билан муносабатларда, судда ва бошқа ҳолларда нотариусларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
нотариуслар томонидан қонун ҳужжатларига, касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этилиши устидан мониторингни амалга ошириш ҳамда уларнинг касбига лойиқлиги масаласини кўриб чиқиш ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги малака комиссияларига таклиф киритиш.
Белгиланишича, Ўзбекистон Нотариал палатаси:
нотариал идоралар нотариусларини бирлаштирувчи республика нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади;
нотариусларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган фаолиятига аралашмаслик принципи асосида иш юритади;
нотариусларнинг кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Нотариал палатаси билан биргаликда:
нодавлат нотариал идоралар нотариуслари томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан тизимли ва қатъий назорат ўрнатади;
мазкур Фармон талабларидан келиб чиқиб ҳамда нодавлат нотариал идоралар фаолиятини ҳар томонлама тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Нотариат тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади.
Мавзуга оид
14:02 / 16.11.2024
Президент 9 нафар сенаторни тайинлади
18:54 / 25.10.2024
Ўзбекистонда сотилган энг қиммат ва антиквар автомобил ҳақида маълумот берилди
12:32 / 22.10.2024
Профтаълим муассасалари техникумларга бирлашяпти – тизимда қандай ўзгаришлар бор?
15:14 / 25.07.2024