Жаҳон | 22:39 / 13.09.2019
24673
2 дақиқада ўқилади

Филиппин президенти порахўр амалдорларни отишга рухсат берди

Филиппин президенти Родриго Дутерте мамлакат фуқароларига пора талаб қилувчи амалдорларни отишга рухсат берди. У шу билан бирга фуқароларга порахўрларни ўлдирмай, уларнинг оёқларига отишни тавсия қилган, йўқса “улар тергов натижасида афв этилмасликлари” хавфи бор. Бу ҳақда Manila Bulletin нашри хабар берди. 

“Агар сиз солиқ, йиғимлар, бож тўловлари ва шу кабиларни тўласангиз-у, бу аҳмоқлар сиздан пора талаб қилса, уларни уринг. Агар ёнингизда қурол бўлса, уларни отишингиз мумкин, бироқ уларни ўлдирманг, йўқса афв этилмаслигингиз мумкин”, деб айтган Дутерте. Унинг таъкидлашича, қонунни бузувчи амалдорни ўққа тутадиган ҳар қандай кишига қўлланадиган чора қамоқ жазоси бўлмай, фақатгина “жиддий жисмоний жазо” бўлиши мумкин.

Филиппин етакчисининг таъкидлашича, мамлакатда коррупция шунчалик ўткир муаммога айланганки, у бу иллат билан курашиш учун энг кескин чораларга ҳам рухсат беришга тайёр. 

2016 йил ҳокимият тепасига келган Дутерте қонунбузарларга қарши курашишда кескин чоралар тарафдори ҳисобланади. Жаҳон ҳамжамияти Филиппиндаги гиёҳвандфурушликка қарши курашиш чораларини қоралаб келади. Дутерте президентликка номзод бўлган вақтидаёқ агар фарзандлари гиёҳванд моддаларни қабул қилишса, ҳаттоки уларни ўлдиришга тайёрлигини айтган.

2017 йил августида у полициячиларни қўлга олиниши вақтида қаршилик кўрсатадиган гиёҳвандфурушликда гумон қилинганларни жойида отишга чақирган. 

Мавзуга оид