Хоразмда ноёб балиқларни овлаган браконьерлар жазоланди
Хоразм вилоятида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар браконьерлик қилгани учун қонун олдида жавоб бердилар.
Хоразм вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан шу йилнинг январь ойида ўтказилган рейд тадбирлари натижасида Гурлан туманида яшовчи фуқаролар Ф.Елдибоев, Ғ.Юлдашев, Т.Базарбаев ва М.Нурмонов балиқ тутиш учун мўлжалланган сузма тўр билан Амударёнинг Гурлан ва Янгибозор тумани ҳудудида Ўзбекистон Республикаси «Қизил китоби»га киритилган Амударё катта куракбурини (қилқуйруқ) ва Орол мўйлабдори (сўғён, сўзан) балиқларини ноқонуний овлагани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Гурлан тумани судининг шу йилнинг июль ойидаги ҳукмига асосан Ф.Елдибоев, М.Нурмонов, Т.Базарбаев, Б.Юлдашев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси 2-қисми «а,в» банди билан 1 йилу 6 ой озодликдан чеклаш жазоси тайинланиб, содир қилган жинояти натижасида табиатга етказилган зарар учун давлат фойдасига 6,1 миллион сўм ундирилиши белгиланди.
Шунингдек, Ҳазорасп туманида яшовчи фуқаро А.Тажиев «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун ва «Ов қилиш ва балиқ овлаш» қоидалари талабларини бузган ҳолда, тақиқланган муддатда ва тақиқланган усулда, электр қармоғи билан «Тошсоқа» каналининг муҳофаза қилинадиган ҳудудида, «Қизил китоб»га киртилган Орол мўйлабдори, оқ амур, товонбалиқ ва лешч балиқларини ноқонуний овлагани аниқланган.
Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп тумани судининг август ойидаги ҳукмига асосан А.Тажиевга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддаси 2-қисми «а» банди билан 3 йил озодликдан чеклаш жазоси тайинланиб, содир қилган жинояти натижасида табиатга етказилган зарар учун давлат фойдасига 42,7 миллион сўм ундирилиши белгиланди.
Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:50 / 28.10.2024
Хоразмда айрим лойиҳалар учун Полша технология ва инвестициялари жалб қилинади
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
18:40 / 18.09.2024