18:34 / 14.09.2019
0
10184

Хоразм вилоятида саксовул ва юлғун дарахтларини ноқонуний кесганлар жазоланди

Хоразм вилоятида саксовул ва юлғун дарахтларини ноқонуний кесган фуқаролар қонун олдида жавоб бердилар.

Хоразм вилояти Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспекцияси ходимлари томонидан 2019 йил давомида ўтказилган рейдлар натижасида Бухоро ва Хоразм вилоятининг Қизилқум барханларидан ноқонуний равишда саксовул ва юлғун дарахтларини кесиб, қўпориб олиб келаётган 189 нафар фуқаро аниқланди.

Саксовул ва юлғун дарахтлари қум кўчкилари ва табиий офатларнинг олдини олишга хизмат қилиши, шунингдек ёввойи ҳайвонларнинг озуқаси бўлгани сабабли, уларнинг ҳимояси Ўзбекистон Республикасининг «Ўсимликлар дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунига асосан алоҳида назоратга олинган.

Қонунбузарларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1 ва 2-қисмлари тартибида жавобгарликка тортилди ва 47,3 миллион сўм жарима, шунингдек, табиатга етказилган 127 миллион сўм зарар ундириб олинди. Саксовул ва юлғун дарахтлари ашёвий далил сифатида олиб қўйилди. 

Қайд қилиш жоизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддасида «Дарахтлар, буталар, бошқа ўрмон ўсимликлари ва ниҳолларни ғайриқонуний равишда кесиш, шикастлантириш ёки йўқ қилиш» қонунбузарлигини содир этганлик учун жавобгарлик белгиланган.

Хусусан, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Kun.uz мухбири Нурмуҳаммад Саид

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top