17:30 / 19.09.2019
7
17998

Ўзбекистонда дарахтларнинг кўп кесилиши сабаблари айтилди

Ўзбекистон Экологик партияси мамлакат ҳудудида дарахтларнинг кўп кесилишига сабаб бўлаётган асосий омилларни маълум қилди.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, партия расмийлари иштирокидаги бугунги матбуот анжуманида муаммоли тенденция сабаблари сифатида қуйидагилар санаб ўтилган:

  • жойлардаги дарахт ва буталарнинг сон ҳамда сифат тўғрисидаги ҳисобининг йўқлиги;
  • дарахтларга уларнинг биологик хусусиятларини инобатга олган ҳолда шакл беришнинг ягона тартиби ва услубининг мавжуд эмаслиги;
  • дарахтларда касалликларни аниқлаш бўйича кузатувларда ботаник мутахассисларнинг жалб этилмаслиги;
  • лойиҳаларни экологик экспертизадан ўтказиш жараёнида кесиладиган дарахт ўрнига беш баробар миқдорда янги дарахт кўчатларини экиб бериш мажбуриятининг белгиланмаганлиги;
  • истироҳат боғи, хиёбон ва бошқа жойларда дарахт кесилиши ҳамда яшил қоплама реконструкцияси жараёнлари юзасидан хулоса қабул қилишда жамоатчиликнинг иштирок этиш механизми мавжуд эмаслиги;
  • соҳада тегишли йўналишлар бўйича малакали ва бой тажрибага эга бўлган мутахассисларнинг етишмаслиги.

Жамоатчилик назорати тартибида ўтказилган экологик рейдларга бағишланган матбуот анжуманида билдирилишича, жорий йилнинг шу даврига қадар Экопартия Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда юздан зиёд экологик рейдлар уюштирган бўлса, уларнинг аксарияти дарахтларнинг кесилиши билан боғлиқ.

Тошкент шаҳридаги Мирзо Улуғбек туманида рўй берган ва ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни юзага келтирган сўнгги ҳолат бўйича ўтказилган рейд натижаларига кўра, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хулосасига асосан, 87 дона игнабаргли дарахт, диаметри 83,1 см. бўлган 3та касалланган ва қуриган чинор ҳамда софорани кесишга рухсат берилган. Аммо туман ҳокимлиги фақатгина чинорнинг кесилишига розилик билдирган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top