Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Адвокатлар палатаси раиси: «Бизда 8200 кишига 1 адвокат тўғри келади»
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг Судья ва адвокатлар мустақиллиги масалалари бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Саян билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур мулоқот чоғида Палата раиси Олим Эрназаров меҳмонни мамлакат адвокатурасининг ҳозирги вазият билан таништирар экан, соҳадаги долзарб муаммоларга бирма-бир тўхталди. Аввало, кадрлар танқислигига эътибор қаратилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 3946 нафар адвокат рўйхатга олинган. Яъни, ўрта ҳисобда 8200 нафар кишига битта адвокат тўғри келади.
“Бу ҳалокатли даражада кам, – деди Палата раҳбари. – Энг ачинарлиси, сўнгги 8-10 йилда адвокатлар сонида нормал потенциал ўсиш кузатилмаган”.
О.Эрназаровнинг сўзларига кўра, яқинда Палата томонидан дунёнинг 41 давлатидаги адвокатлар сонининг умумий нуфусга нисбати таҳлил қилинган. Аниқланишича, аҳолининг адвокатлар билан таъминланганлик даражаси бўйича биз нафақат илғор Ғарб давлатлари, ҳатто қўшнилардан ҳам анча ортда қолганмиз.
Жаҳонда энг юқори кўрсаткич Исроилга тегишли – 136 кишига битта адвокат. Шунингдек, яқин давлатлардан: Туркияда 665/1, Эстонияда 1300/1, Украинада 1200/1, Грузияда 700/1, Қозоғистонда 3932/1.
“Бу ҳали фақат сон масаласи. Ҳар бир фуқаронинг малакали юридик ёрдам олиш имкониятлари алоҳида муҳокамага арзийди”, – таъкидлади Палата раҳбари.
Унинг айтишича, мазкур муаммо комплекс ечим талаб қилади, аммо ҳали-ҳануз объектив ва субъектив сабабларга кўра бу борада аниқ тўхтамга келинмаган. Ҳолбуки, агар шошилинч чоралар кўрилмаса, вазият йил сайин оғирлашиб бораверади. Адвокатлар ва аҳоли сони нисбатини бир қадар мақбулроқ миқдорга келтириш эса узоқ вақт талаб этадиган жараёндир.
“Биз ўрганиб чиқдик: Ўзбекистон ОТМлари бир йилда тахминан 650 нафар ҳуқуқшунос тайёрлар экан. Агар адвокатура фойдасига мораторий эълон қилиб, ҳамма битирувчилар адвокатликка йўлланган тақдирда ҳам 5 йил давомида атиги 3500 нафар янги адвокат қўшилади”, – деди Палата раиси.
Олим Эрназаровнинг маълумотига кўра, 4 минг нафарга етар-етмас адвокатдан 30 ва ундан кичик ёшдагилар салмоғи атиги 70 кишини ташкил қилади.
“Жамиятимизда адвокатнинг обрўйи ўзи ҳаминқадар. Қолаверса, шу касб эгаси бўлишни орзусида юридик билим олган ёшлар адвокатлик фаолиятини бошлашда маъмурий чекловларга дуч келади. Масалан, қонунчилигимизга кўра, адвокат лицензиясини олиш шартларидан бири – ҳуқуқий соҳада 2 йиллик иш стажига эгалик. Шу каби тўсиқлар адвокат бўлиш истагидаги камёб ёшларнинг оёғига тушов бўлаётир”, – деди Адвокатлар палатаси раиси.
Мавзуга оид
08:45 / 09.06.2026
Украина Россияни БМТдан чиқиш ҳақида ўйлаб кўришга чақирди
08:15 / 08.06.2026
БМТ кучли Эль-Ниньо ҳақида огоҳлантирди
08:10 / 06.06.2026
Украина БМТ Хавфсизлик кенгашини фавқулодда йиғилишга чақирди
12:20 / 04.06.2026