Спорт | 15:06 / 21.09.2019
21409
14 дақиқада ўқилади

Ҳафта ўйинлари анонси: «Ливерпуль» Лондонда меҳмон, Зидан яна бир синов қаршисида

Еврокубокларнинг илк турлари ниҳоясига етиши билан, эртасига, миллий чемпионатларнинг навбатдаги турига старт берилди. Зерикиш йўқ, бугундан ўйинлар давом эттирилади, яқиндагина биз Европа майдонларида кўрган клублар навбатдаги синовда саф тортишади. Биз эса, анъанамизга содиқ ҳолда, дам олиш кунлари учун анонсни тақдим этамиз.

ЛЕСТЕР - ТОТТЕНҲЭМ (21 сентябрь, 16:30)

Премьер Лигадаги бугунги футбол оқшоми жуда қизиқарли учрашув билан бошланади. Янги мавсумда анча сифатли ўйин кўрсатаётган икки жамоа ўзаро тўқнаш келади. 5 турдан сўнг, ҳар икки жамоа бир хил - 8тадан очко тўплашган.

Мутахассислар, Брендан Рожерснинг жамоасига катта баҳо беришмоқда ва ҳатто ўйин сифатида бўйича, топ-6 даражасига яқин дейишмоқда. Буни натижалар ҳам кўрсатиб турибди. Айниқса, айнан олтиликдаги жамоаларга қарши сафарда тўп сурганига қарамасдан, «Лестер» рақибдан устунроқ ҳаракат қилди. «Стемфорд»да дуранг қайд этилган бўлса, «Олд Траффорд»да фақат пенальтидан урилган гол эвазига мезбонлар ғалаба қозонишди. Бу ўйинларда «Лестер» тўпни назорат қилиш, вазиятлар яратиш борасида грандлардан устун келди.

«Тоттенҳэм» бироз ёмон кайфиятда бўлиши мумкин. Сабаби, лондонликлар Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичинин биринчи турида «Олимпиакос»га қарши учрашувда 2 гол фарқи билан олдинда бораётиб, ғалабани қўлдан чиқарди. Дарвоқе, «шпорлар»нинг ҳафта ўртасида еврокубокларда майдонга тушгани ҳам «тулкилар» учун қўл келиши мумкин.

Таркиблар борасида «Лестер» сафида ҳали ҳам Мэтью Жеймс шерикларига ёрдам бера олмайди. Меҳмонлардан эса, Жованни Ло Чельсонинг сафга қайтишига бир ой бор. Аммо бошқа бир янги футболчи - Райан Сессеньон машғулотларга киришгани жамоа мухлислари учун яхши хабар бўлиши мумкин.

МИЛАН - ИНТЕР (21 сентябрь, 23:45)

Милан дербиси. Италия чемпионати ихлосмандлари учун ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Лекин ҳар икки жамоанинг мавсумни яхши бошлашгани, яъни турнир жадвалидаги мувозанат нуқтаи назаридан ҳам ҳар бир очконинг муҳимлиги ўйинга қўшимча кескинлик тақдим этиши шубҳасиз.

Айниқса, «Интер» алоҳида эътиборда бўлиб турибди, чунки кўпчилик уларни ниҳоят «Ювентус» қаршилигини синдириши мумкин бўлган жамоа сифатида кўришмоқда. Сабаби, Антонио Конте Италия футболи учун жуда катта шахс, унинг тажрибаси мавсумни бир маромда ўтказишда қўл келиши турган гап. Таркибга жалб этилган юлдуз футболчилар эса, иккинчи сабаб. Ҳатто буни Маротта ҳам эътироф этди ва Конте бир пайтда Италияда тенгсиз жамоага айлантирган «Ювентус» таркиб борасида бугунги «Интер»дан кучсизроқ бўлганини таъкидлади. Лекин бошқа тарафдан, у пайтларда «Ювентус»нинг рақиблари ҳам ҳозирги «Интер» рақобатчиларидан кучсизроқ бўлганини тан олиш керак.

Италияда юз фоизлик натижа билан бораётган «Интер»ни оддий «Славия» тўхтатиб қола олди. ЕЧЛ стартидаги бу дуранг «Интер» ҳали шаклланиш жараёнидалиги ва муаммолар етарли эканини кўрсатди. Шу билан бирга, миланликларнинг сўнгги дақиқаларгача курашиб, ўйинни қутқариб қолганликларини эътироф қилиш керак.

«Милан» эса, ҳозирча сирли тулпор бўлиб турибди. Жамоанинг А Сериядаги уч ўйинининг барчасида бир хил ҳисоблар қайд этилди. Удинедаги 0:1 ҳисобидаги мағлубиятдан сўнг, «Брешия» ва «Верона» клублари минимал ҳисобларда мағлуб этилди. Веронадаги ўйинда ягона гол пенальтидан урилгани ва мезбонлар деярли бутун учрашув бир киши кам бўлиб ўйнагани ҳам ҳозирча миланликларга аниқ баҳо беришга халақит беради. Хуллас, дерби «Милан»нинг мавсумдаги илк жиддий синови бўлиб, Жампаоло жамоаси салоҳиятини очиб беришда муҳим рол ўйнайди.

Ўзаро ўйинларда ҳар жабҳада тенглик акс этган сўнгги йилларда. Охирги 24 ўйиннинг 9тасида «Интер», шунчасида «Милан» ғалаба қозонган экан. Аммо А Сериядаги охирги 7 дербида «Милан» ғалаба нималигини билмай келди. «Милан» «Интер»ни чемпионатда сўнгги марта 2016 йилнинг февралида мағлуб этган. Ўз навбатида, 2017 йилда мамлакат кубогида енгиб, турнирдан чиқариб юборган ҳам.  

ПСВ - АЯКС (22 сентябрь, 19:45)

Эредивизияда нафақат турнинг балки мавсумнинг энг марказий ўйинларидан бири бўлиб ўтади. Турнир ғолиблиги учун асосий икки даъвогар орани очиқ қилади. Беш турдан кейин ҳар икки жамоада ҳам бир хил - тўрттадан ғалаба ва биттадан дуранг бор. Демак бу ўйин натижаси турнирнинг якка пешқадамини аниқлаб беради ва бу пешқадамлик узоқ вақт давом этиши мумкинлигини ҳам тахмин қилиш осон. Жамоаларнинг спорт формаси ҳам таҳсинга сазовор - ПСВ барча мусобақалар қўшиб ҳисобланганда кетма-кет олти ўйиндан ғалаба қозонмоқда, «Аякс»нинг муваффақиятли серияси 4 ўйиндан иборат. 

Жамоалар еврокубок ўйинларида қатнашишди. «Аякс» ЕЧЛда «Лилль» устидан йирик ғалабага эришган бўлса, ПСВ Европа Лигасида «Спортинг»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Амстердамликлар ўз ўйинларини рақибидан икки кун олдин ўтказганини эътиборга олсак, «Аякс»нинг имкониятлари ошади. Аммо ўйин ПСВ майдонида бўлмоқда. Демак вазият яна тенг. Ўзаро ўйинларда сўнгги икки учрашув «Аякс» фойдасига ҳал бўлган, лекин ушбу стадиондаги охирги икки тўқнашувда бир хил - 3:0 ҳисобида мезбонларнинг қўли баланд келган экан.

Таркиблар борасида, жамоалардан биттадан асосий футболчини тилга олиш мумкин. Улар шерикларига ёрдам бера олишмайди. Мезбонлардан Гастон Перейро, меҳмонлардан Донни ван де Бек майдонга туша олмайди. Ҳар икки футболчи ҳам жамоа ўйинида муҳим аҳамият касб этишарди. Тўғри, ван де Бек ҳозирда машғулотларни бошлади ва балки, керак бўлганда ўйинда қатнашиши ҳам мумкин.

ЧЕЛСИ - ЛИВЕРПУЛЬ (22 сентябрь, 20:30)

Нафақат Англия, балки Европанинг классик тўқнашувларидан бири, айниқса, ўн йиллар олдин бу жамоаларнинг Чемпионлар Лигасидаги ўзаро ўйинлари бутун Европани телевизор қаршисига михларди.

Ҳозир эса, клублар ривожланишнинг турли босқичларида туришибди. Клопп жамоасида ҳар томонлама муаммо йўқ, мухлислар ниҳоят «Ливерпуль»дан барча мусобақаларда ғолиблик учун курашни талаб қилишга ҳақли. «Челси»да вазият бошқачароқ, мураббийнинг алмашиши, Азарнинг кетиши, шунингдек, трансфер тақиқлари натижасида Лэмпард янги жамоа шакклантириши ва буни таркибда мавжуд бўлган ёшлардан тузиши шарт. Дастлабки мевалар териб олинди - Абраҳам голлари билан АПЛнинг тўпурарлари сафида бўлса, Мейсон Маунт бир ойлик ўйини билан ҳатто терма жамоа мураббийи эътиборига сазовор бўлди. Лекин айнан терма жамоа йиғинларида ёш футболчи жароҳат олди ва бу ўйинда қатнашиши сўроқ остида.

«Ливерпуль» ҳозирча юз фоизлик натижани қайд этаётган бўлса-да, Неаполдаги мағлубият жамоа кайфиятига таъсир қилиши турган гап. Анчелотти қаторасига иккинчи бор «Ливерпуль»ни умуман имконсиз қолдирди ва унинг дарсларини шогирди Лэмпард ҳам ўзлаштирган бўлиши эҳтимол. Яъни энди ливерпулликлар ўйинларни мукаммал жамоа сифатида бошламайди. Ўз навбатида «Челси» футболчиларининг ҳам мухлислари олдида қарзлари бор. Ўша «Ливерпуль» Неаполда ҳеч нарса қила олмаётган оқшомда, «Челси» ўз майдонида «Валенсия» қаршилигини синдира олмаётганди - 0:1.

«Челси» сафида юқорида номи тилга олинган Маунтдан ташқари, Эмерсон ва Кантенинг майдонга тушиши сўроқ остида. Лекин ҳар иккиси ҳам машғулотларни бошлаган. Меҳмонлардан эса, ҳали ҳам Алисон Бекер дарвозани қўриқлай олмайди. Наби Кейта шуғулланишни бошлади, Ориги келаси ой ўрталарида сафга қайтади.

Жамоалар яқинда, Европа Суперкубоги доирасида ҳам тўқнашганди. Асосий ва қўшимча вақтлар дуранг билан тугагач, пенальтилар сериясида «Ливерпуль»нинг қўли баланд келди. Ўтган мавсумдаги ўзаро ўйинларда ҳам «Ливерпуль» устунлик қилган - Лондонда дуранг қайд этилган бўлса, «Энфилд»да мезбонлар жавобсиз икки гол уришга муваффақ бўлишган.  

СЕВИЛЬЯ - РЕАЛ (22 сентябрь, 23:55)

«Реал» яна ўша салобатли, таркиб борасида, қоғозда ҳаммадан кучли бўлиб туриб, буни майдонда исботлай олмаётган «Реал». Испания чемпионатидаги нурсиз ўйинлар тўпланаётган очколар билан хаспўшланаётган бир пайтда Париждаги мағлубият ўтиб тушди. «Реал» ўша ўйинда ҳар жабҳада рақибига имкониятни бой берди, «Қироллик клуби» яна танқидлар остида қолди.

Бундай вазиятларда бирор ўртача жамоа билан ишончли ўйин кўрсатиб, вазиятни ўнглаш мумкин эди, лекин орқасидан «Севилья» рақиб бўлиб турибди. «Севилья» ҳозир турнир жадвалини бошқариб турибди ва олти ўйиндан бери мағлубият нималигини билгани йўқ. Агар бу сафар ҳам ишончсиз ўйин давом этса, ҳатто Зиданнинг истеъфоси ҳақида ҳам гаплар бошланиш эҳтимоли бор. Тўғри, жамоа янгиланмоқда, бунинг устига жароҳатлар гирдобида қолди ҳам. Лекин бугун майдонга тушаётган футболчилар ҳам жуда юқори савиядаги ижрочилар эканини унутмаслик керак. Шу билан бирга, стаканнинг ярми тўла - «Реал» бу ўйинда ғалаба қозонса, биринчидан, кучли қаршиликни синдириб, ростан ҳам Париждаги натижа тасодифлигини исботлаши, иккинчидан эса, ҳатто турнир жадвалида пешқадамга айланиб олиши мумкин.

«Севилья» рақиб сифатида, айниқса, «Эстадио Санчес Писхуан»да «Реал» учун ўта ноқулай рақибдир. Бу ердаги сўнгги беш ўйиннинг тўрттасида мезбонлар устун келган, бир ўйинда дуранг қайд этилган. «Реал»нинг сўнгги ғалабаси 2015 йилга тўғри келади, ўшанда ҳам, 3:2 ҳисоби қайд этилганди. Хуллас, 2011 йилдан бери «Реал» атиги бир марта, мана шу эсланган ўйинда ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан, холос. Ҳатто «Камп Ноу»даги кўрсаткичлар ҳам «Реал» учун ижобийроқ. Ўтган мавсумда Андалусиядаги ўйин 3:0 ҳисобида «Севилья» фойдасига ҳал бўлганди.

«Реал»да ҳамон Иско, Модрич, Марсело жамоага ёрдам бера олишмайди, Рамоснинг ўйнаши сўроқ остида, Диас машғулотларга қўшилди. «Севилья»да йўқотиш атиги бир нафар бўлса ҳам таъсири катта - сўнгги ўйинларда Нолито севильяликлар ўйинида муҳим рол бажараётганди. 

ЛИОН - ПСЖ

Францияда «ПСЖ»нинг олдига тушадиган, соврин учун улар билан кураша оладиган бирор жамоа бўлмаса-да, алоҳида ўйинларда муносиб қаршилик кўрсатадиган «Лион» бор. Фақат «Лион» парижликлардан қўрқмаслиги ва бемалол ҳужумкор ўйин таклиф қилиши мумкин. Бу самарали бўлиб келяпти ҳам, Лионда бўлиб ўтган сўнгги икки учрашувда мезбонлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишган. Умуман, сўнгги беш йилда энг кўп марта «ПСЖ»ни ютган жамоа ҳам айнан «Лион» ҳисобланади - 4 марта.

Чемпионатда лионликларнинг ўйини бироз беқарор кўринаётган бўлса-да, сермаҳсуллик борасида ҳатто «ПСЖ»ни ҳам ортда қолдиришмоқда. Жамоа беш ўйинда 12 гол уришнинг уддасидан чиққан. Депай, Дембеле ва Траоренинг ҳар бири рақиб дарвозасига хавф солиши мумкин. Аммо Чемпионлар Лигасида «Лион»нинг омади бироз юришмади. «Зенит»га қарши ўйин 1:1 ҳисобида якунланди. Шу ўринда, «Лион» ўз ўйинини «ПСЖ»га нисбатан бир кун олдин ўтказганини, яъни ушбу ўйинга тайёргарлик учун бир кун устунликка эга эканини ҳам таъкидлаш жоиз.

Таркиблар борасида мезбонларда йўқотишлар йўқ. «ПСЖ»да жароҳатланганлар етарли, лекин «Реал» билан ўйиндан сўнг, бирор бир футболчининг йўқлиги Тухелга муаммо туғдириши мумкин деб ўйлашнинг ўзи нотўғри. Ўша ЕЧЛ ўйинига нисбатан «ПСЖ»га Неймар ҳам ёрдам бера олади. Ўтган турда ажойиб гол уриб, сўнгги дақиқаларда жамоага ғалаба олиб берган бразилиялик футболчи тўлиқ тикланиб улгурган, фақат дисквалификация туфайли «Реал» билан ўйинни ўтказиб юборганди.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

21 сентябрь. БАВАРИЯ - Кёльн (18:30), МАНЧЕСТЕР СИТИ - Уотфорд (19:00), ЮВЕНТУС - Верона (21:00), АТЛЕТИКО - Сельта (21:30), Гранада - БАРСЕЛОНА (23:55)

22 сентябрь. Вест Ҳэм - МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД (18:00), АРСЕНАЛ - Астон Вилла (20:30), Айнтрахт - БОРУССИЯ (21:00).

Мавзуга оид