Жамият | 11:56 / 22.09.2019
152150
4 дақиқада ўқилади

Шифокорнинг ёзувини нега ўқиб бўлмайди? Вазир ўринбосари изоҳ берди

«Ҳамширалар тайёрлаш кескин камайиб кетди. Буни бир замонлар кимдир атайин қилган».

Фото: Reddit

Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тиббиёт сифатини ошириш учун мамлакатда ҳамширалар сонини кескин кўпайтириш керак, деган фикрда.

Вазир ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг айтишича, Ўзбекистонда шифокор ва ҳамшира ўртасидаги мувозанат бузилиб кетган, шунинг учун врачлар беморни эшитиш ўрнига, ўзига тааллуқли бўлмаган ишлар билан овора бўлиб қолади.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, тиббиёт соҳасида 15 йиллик тажрибага эга амалдор Сенат қўмитасида ҳамширалар масаласини кўтарган.

«АҚШда битта врачга 18 нафар ҳамшира тўғри келади. Японияда – 22, Германияда – 16 нафар. Бизда қанча? Бизда битта шифокорга 3,5та ҳамшира тўғри келади. 3,5тадан иккитаси ҳар йили декрет-отпускада. Демак, бизнинг врачлар ўз малакасига тааллуқли бўлмаган ишларни бажаради. Беморни эшитиш вақтининг 42 фоизи шунга кетади.

Нимага врачларнинг ёзувини ўқиб бўлмайди? Чунки улар шошиб ёзади ва ўзи учун ёзади. Буларни ахир ҳамшира қилиши керак. Врач бемор билан мулоқотда бўлиши керак. Мана СССРдан қолган норма – битта терапевт бемор билан 10 дақиқа гаплашиши керак. Шунинг 8 дақиқаси ёзувга кетади. Икки дақиқада кўзига, у ер-бу ерига қарайди, тамом.

Врач бевосита мулоқот қилганда, ортидаги 7-8 ҳамширанинг бири беморнинг овқатланишига, бири уколига, бири физиотерапияга, бири рентген, бири режим... Буни врач ёзмайди, ҳамширалар ёзиши керак блокнот ёки электрон шаклда. Назоратини икки кун – бир ҳафтадан кейин врач амалга ошириши керак.

Мана шу нарса бизда йўқ. Бизда врач ўзи белгилайди, ўзи ёзади, уколини ҳам ўзи қилади, ҳамширалар декрет-отпускада, бошқа ишлар ва ҳоказо...» – деди Баҳодир Умурзоқов.

Унинг урғу беришича, тиббиёт сифатини ошириш бўйича Меҳнат вазирлигининг принципиал позицияси ана шундай.

«Келинглар, сифатни оширамиз десак, тахминан 2025 йилга бориб битта шифокорга ўнта ҳамшира тўғри келиши керак. Ана шунда майли, 3таси декрет-отпускада бўлса, 7таси соғ-омон ишлайди.

Мана шу – бизнинг, Меҳнат вазирлигининг принципиал позицияси», – деб қайд этди вазир ўринбосари.

«Яқинда архитектура соҳасини кўриб чиқдик. Битта архитекторга иккита техник тўғри келаркан. Шунинг учун архитектор ўзи чизади, ўзи хом ҳисоб-китобларни қилади... Архитектор ғоя бериши керак! Чизиш ишларини техниклар қилиши керак. Мана шу нарса бизда белгиланмаган», – дея қўшимча қилди у.

Умрзоқов, шунингдек, сўнгги йилларда олий таълимда ҳамширалар тайёрлаш кўрсаткичлари тушиб кетганини қоралаб, буни Ўзбекистон иқтисодиётига иғвогарлик деб баҳолади.

«Сифат керакми, келинглар, сифатни оширишга ёрдам берувчи мутахассисларни кўпайтирайлик. Аксинча, охирги 3-4 йилда ҳамшираларни олий таълимга қабул қилиш, тайёрлаш кескин даражада камайиб кетди. Бу – бизнинг иқтисодиётимизга иғвогарлик. Кимдир буни атайин қилган бир замонлар. Шуни, келинглар, кўпайтирайлик», – деди Баҳодир Умрзоқов.

Бундан олдин, Умрзоқов ёш шифокорларга қишлоқларда текин уй-жой бериш таклифини илгари сургани ҳақида хабар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳоли репродуктив саломатлиги мавзусидаги ахбороти Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида танқидларга сабаб бўлди.

Мавзуга оид