22:38 / 25.09.2019
0
9594

АҚШ Хитойнинг 5 та компаниясига қарши санкциялар жорий этди 

АҚШ ҳукумати Эрон бўйича санкциялар рўйхатига Хитойнинг 5 фуқароси ва 5 компаниясини киритди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар берди.  

Санкциялар, жумладан, China Concord Petroleum нефть компанияси ва Cosco Shipping Tanker кемачилик компаниясига қарши киритилган.  

АҚШ давлат котиби Майк Помпео Вашингтон Хитой фуқаролари ва компанияларига қарши санкциялар киритганини тасдиқлаган.

“Бугун АҚШ санкцияларига зид равишда Эрондан нефть ташиган Хитой ташкилотларига қарши санкциялар киритамиз. Бундан ташқари, бу муҳим, ушбу компаниялар раҳбарларига ҳам санкциялар жорий қиламиз. Биз Хитой ва бошқа давлатларга “Билингки, санкциялар остига тушувчи ҳар бир ҳолат учун санкциялар киритамиз”, деб айтамиз”, деган Помпео.

Санкциялар рўйхатига тушиш АҚШда активларнинг музлатилиши ва АҚШ фуқаролари ёки компанияларига санкциялар остига тушган фуқаролар ва ташкилотлар билан бизнес олиб бориш тақиқланишини англатади.

Аввалроқ Эрон Хитойга танкерларда нефть етказаётгани маълум қилинганди. Таъкидланишича, миллионлаб тонна нефть Хитой портларидаги божхона омборларига туширилган, бу эса расман АҚШ санкцияларига зид ҳисобланмайди. 

Шунингдек, Эроннинг камида 12 танкери Осиё ва Ўрта ер денгизига нефть ташишни давом эттираётгани таъкидланган. 

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top