Жамият | 17:54 / 25.09.2019
46303
6 дақиқада ўқилади

Қарши шаҳрида янги қурилган кўп қаватли уй нега ҳувиллаб қолмоқда?

Қарши шаҳридаги «Қарши» маҳалласидаги 3-кўп қаватли уйда 48та хонадон жойлашган бўлса ҳозир нари борса 17–20та хонадон аҳли яшаб турибди.

Қатор оилалар амаллаб сотиб олган уйини яшаш шароити йўқлиги учун ташлаб ижарага уй олиб чиқиб кетишган. Ҳозир бир неча хонадонлар ҳам мана шу уйи учун ҳам, ижара уйи учун ҳам ҳар ой пул тўлайди.

Ҳеч қандай сув тармоғисиз кўп қаватли тураржойни тасаввур қилинг. Уй 2018 йил фойдаланишга топширилган бўлса ҳам ҳануз ичимлик сув тармоғига уланмаган. Аҳоли уй атрофида қолиб кетган сув жўмрагидан идишларда сув ташиб кетади.

Уйнинг барча кириш йўлаклари олдида битта ўриндиқ ўрнатилган. Аммо ана шу ҳар бир ўриндиқ олдида биттадан қўланса ҳид анқиб турадиган канализация қудуғи бор. Аҳоли кулги аралаш «қурувчи шу йўл билан устимиздан кулса керак-да» дейди. Аксига олиб бу канализация қудуқларининг бир нечтасининг қопқоғи аллақачон синиб кетган.

Уйда коммунал хизматлардан фақат электр энергияси бор. Гарчи, ҳисоблагичлар ўрнатилган бўлса-да негадир қурувчи – «Қарши иншоот қурилиш монтаж» МЧЖ ҳисоблагичлар сертификатини аҳолига бермай келмоқда. Бу эса истеъмолчи ва электр тармоғи корхонаси ўртасида муаммоларга сабаб бўлмоқда. Уй эгалари қурувчи билан боғланишнинг ўзи катта муаммолигини айтишмоқда.

Уйларда иситиш тизими ҳам мавжуд эмас. Қурувчи хонадонлардан уй яқинидаги газ тақсимлаш ускунасигача қувурни тортиб борган, аммо бир ярим йилдирки, газ таъминоти идораси уйни тармоққа уламай келмоқда.

Хўш, бунинг сабаби нимада? Аҳолини сарсон қилган нарса шуки, сув ва газ таъминоти идоралари ҳар сафар мурожаат қилиб борган одамларга «қурувчига бор, ўша ҳал қилади» мазмунида жавоб берган, қурувчи эса «тармоққа улаш менинг вазифамга кирмайди» деб жавоб берган. Тартиб-қоидалардан бехабар аҳоли икки ўртада сарсон.

Содда қилиб айтганда, аслида қурувчи уйнинг сифати, уй ичидаги муҳандислик коммуникация тармоқларига жавобгар. Барча қурилиш ва ҳужжат ишлари амалга оширилгач, сув ва газ таъминоти корхоналари уйни тизимга улаши керак. Уй тизимга уланмаган ҳолда хонадонларнинг кадастр йиғма жилдларида барча коммунал хизматларнинг «бор» деб кўрсатилгани ҳам таажжубланарли.

Шунингдек, лойиҳада болалар майдончаси кўрсатилган бўлиб бу ҳам қурувчи зиммасида. Аммо болалар майдончасидаги ускуналар ўта сифатсиз ва аллақачон йиқилиш арафасида бўлгани сабабли уй эгалари бундан ҳам норози. Уй атрофидаги алмисоқдан қолган чиқинди қутилари ва антисанитар ҳолат ҳам алоҳида бир муаммо.

Дарвоқе, биз юқорида айтган ўриндиқлар олдидаги канализация қудуқларида қўланса ҳид анқиши сабаби ҳам сув тармоғи уланмагани, канализациянинг ювилиб кетмаслигидан экан. Ҳолатни ўрганиш, аҳоли билан суҳбат жараёнида Қарши шаҳар ҳокими ўринбосари У.Авазов келиб газ, сув, электр таъминот корхоналари бош муҳандисларини ҳам қурилиш корхонаси раҳбарини шу ерга (ўриндиқ олди) таклиф қилди. Аҳоли ва соҳа раҳбарлари ўртасида мулоқот ташкил этилди.

Соҳа раҳбарларига икки кун муддат ичида уйни сув ва газ тармоғига улаш бўйича топшириқ берилди. Бу корхоналар эса тармоққа уланиш учун ҳар бир хонадон бўйича абонентлар рўйхати ва бошқа тегишли ҳужжатлар бўлиши лозимлиги, бу ҳужжатларни қурувчи топшириши кераклигини маълум қилгач, бир кун ичида ана шу ҳужжатларни топшириш қурилиш корхонаси раҳбарига ҳам топширилди. Шунингдек, уйдаги таъмирталаб жойлар, болалар майдончасидаги муаммоларни ҳам тезда бартараф этишни қурувчи томон ўз зиммасига олди.

Бир қарашда муаммога ечим топилгандек. Тўғри, ҳоким ўринбосари қатъий ва аниқ топшириқларни берди. Аммо масаланинг яна бир томони бор. Юқорида 48та хонадондан фақат 15-20тасида одамлар яшаётгани айтилди. Қолганларнинг ярми шароит йўқлигидан ижарага уй топиб чиқиб кетган бўлса, яна кўплаб хонадонларга айни пайтда бу ерда яшаш учун зарурат йўқ. Уйни шунчаки, мулк сифатида олиб қўйишган. Муаммо шундаки, энди уйларни сув ва газ тармоғига улаш учун мутасаддилар хавфсизлик юзасидан ҳар бир хонадонни кўздан кечириши лозим. Бирор хонадонда газ ёки сув сизиб чиқмаётганига ишонч ҳосил қилмасдан туриб ҳеч қайси корхона уйни тармоққа уламайди. Уй эгалари эса йўқ.

Ўз вақтида қилинмаган иш, масъул ташкилотларнинг уйни кўр-кўрона қабул қилишининг оқибатини бартараф этиш осонликча бўладиганга ўхшамаяпти.

Шунча муаммо бор экан, масъул ташкилотлар қандай қилиб уйларни қабул қилиб олган, деган савол ҳам юзага келиши табиий. Уйларни қайси ташкилотлар қабул қилиб, имзо қўйганини айтишимиз мумкин: Ягона буюртмачи давлат инжиниринг компанияси, давлат архитектура қурилиш назорат инспекцияси ва лойиҳа муаллифи қабул қилиб олган (шаҳар ҳокимлиги маълумоти). Аммо қандай қилиб қабул қилингани ҳақда бир нима дея олмаймиз.

Анвар МУСТАФОҚУЛОВ,
Kun.uz мухбири.

P.S.: Биз бориб ўрганган бу уйни аҳоли барча жиҳозлари билан эмас, «қути» ҳолида қабул қилган. Келишув шундай бўлган. Шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, айни вақтда яна ўнлаб кўп қаватли уйлар худди шу тарзда топширилмоқда. Аҳоли эса ўзингиз гувоҳ бўлгандек, кейин коммунал хизматларга уланиш учун қаерга бош уришни билмай юраверишади. Афтидан, уйларни қабул қилишда ана шу жиҳатларнинг назоратини ҳам йўлга қўйиш керакка ўхшайди. 

Мавзуга оид