Кўчмас мулк | 15:27 / 10.03.2026
2210
2 дақиқада ўқилади

2027 йилдан янги қуриладиган уйларда «ақлли» сув ҳисоблагичларни ўрнатиш мажбурий бўлади

Кейинги йилдан кўп қаватли уйларни қуриш лойиҳаларида «ақлли» сув ҳисоблагичларини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланяпти. Уйга кириш жойида ва ҳар бир хонадонда замонавий электрон сув ҳисоблагичлари бўлиши керак.

Фото: iStock

2027 йилдан Ўзбекистондаги янги кўп квартирали уйларни қуриш лойиҳаларида замонавий электрон ичимлик суви ҳисоблагичларини ўрнатиш мажбурий этиб белгиланади. Бу ҳақда «Аҳолини уй-жой билан таъминлаш ишларини жадаллаштириш ва кўп квартирали уйлар қурилишини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга мувофиқ, кўп квартирали уйлар қурилишида ер ажратиш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари жараёнларини ўз ичига олувчи инвестиция-қурилиш даврининг давомийлигини 1,5 бараваргача қисқартириш белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳар йили 1 октябрга қадар ўз ҳудудлари кесимида истиқболли қурилиш ҳажмлари, аҳоли ўсиши, уй-жойга бўлган эҳтиёж, муҳандислик ва транспорт инфратузилмаси ҳолати бўйича маълумотларни таҳлил қилган ҳолда кўп квартирали уйлар қуриш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Қурилиш вазирлигига тақдим этади.

Шунингдек, кейинги йилдан бошлаб барча янги кўп қаватли уйларнинг йўлаклари ва хонадонларида амалдаги техник регламентларга мувофиқлик сертификатига эга бўлган сув ҳисоблагичлари ўрнатилиши мажбурий бўлади. Шунингдек, хонадонга кирадиган ичимлик сув тармоғи учун фақат битта ўлчов нуқтаси бўлиши кўзда тутилган.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид