Жаҳон | 15:10 / 26.09.2019
57095
2 дақиқада ўқилади

Жак Ширак вафот этди

Фото: Reuters

Франциянинг собиқ президенти Жак Ширак 86 ёшида оламдан ўтди. Бу ҳақда марҳум сиёсатчининг оиласи вакилларига асосланган ҳолда AFP хабар тарқатди.

«Бугун тонгда яқинлари қуршовида ҳаётдан кетди. Тинч ором олсин», — дея Ширакнинг куёви Фредерик Сала-Барунинг сўзларини келтирмоқда агентлик.

Жак Ширак 1932 йилнинг 29 ноябрида Парижда туғилган. Карно ва Людовик Буюк лицейида у рус тилини ўрганган, ўсмир ёшида Пушкиннинг «Евгений Онегин» поэмасини француз тилига ўгирган. 

У 1956—1957 йилларда армияда хизмат қилган ва Жазоирдаги урушда қатнашиб, яраланган. У кейинроқ Сиёсий тадқиқотлар институтида ва Администрация миллий мактабида ўқиган, давлат хизматига ишга кириб, сиёсат билан шуғуллана бошлаган.

Ўтган асрнинг 60-йилларида у голлчи (Шарл де Голл тарафдори) бўлган. 1974 йилда Жорж Помпиду вафотидан кейин у голлчиларнинг Демократлар иттифоқини бошқарган, Жискар д'Эстенни президентлик сайловларида қўллаб-қувватлаган, сўнг бош вазир лавозимига тайинланган. Икки йил ўтиб у бош вазирликни тарк этиб, мухолифат вакилига айланган ҳамда Париж мэри лавозимини эгаллаган.

Жак Ширак 1995 йилдан 2007 йилгача Франция президенти бўлган. Икки марта — 1974-1976 йилларда ва 1986-1988 йилларда мамлакат бош вазири бўлган. Бош вазирлигининг иккинчи муддатида бир вақтнинг ўзида Париж мэри лавозимида бўлган. У Франция пойтахтини 18 йил (1977 йилдан 1995) йилгача давомида бошқарган.

Ширак Иккинчи Жаҳон урушида яҳудийларнинг депортация қилинишига Франциянинг дахлдорлигини биринчи бўлиб тан олгани, шунингдек, АҚШнинг Ироққа бостириб киришини қўллаб-қувватлашдан бош тортгани билан танилган. Унинг энг катта сиёсий ислоҳотларидан бири эса президентлик муддатини 7 йилдан 5 йилга қадар қисқартириш бўлган.

Ширак 2005 йилда инсультни бошдан кечирган, сўнгги йилларда унинг соғлиги ёмонлашиб бораётганди.

Мавзуга оид