Иқтисодиёт | 11:31 / 26.09.2019
24557
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бизнес соддалаштирилган ҚҚСдан воз кечишни бошлади

Фото: iStock

Ўзбекистонда янги Солиқ кодекси лойиҳасига ҚҚСни ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби киритилмайди. Бу ҳақда молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов хабар берди.

Жорий йилнинг 25 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолади. Унда қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби бекор қилиниши назарда тутилган.

Султоновнинг сўзларига кўра, ҚҚС ставкаси 15 фоизгача туширилса, унда уни ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартиби долзарбликни йўқотади.

«Иккинчидан, маъмуриятчилик ва кузатув нуқтаи назаридан соддалаштирилган ҚҚС анча мураккаб жараён. Учинчи муҳим омил - у оммабопликни йўқотди. Солиқ тўловчиларнинг тўртдан бир қисми соддалаштирилган ҚҚСдан фаол фойдаланди, аммо 1 сентябрга келиб уларнинг сони 12 фоизгача қисқарди. У мос тушмади», - деди Султонов.

«Янги Солиқ кодекси лойиҳасида соддалаштирилган ҚҚС назарда тутилмайди», - дея таъкидлаб ўтди Молия вазирлиги вакили.

Ўзбекистонда икки йил муддатга (2021 йил 1 январга қадар) қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартиби жорий этилганди.

2018 йил 24 декабрда имзоланган қонунда ўз аксини топган Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, солиқ даври давомида ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмайдиган юридик шахслар, шу жумладан ягона солиқ тўлови тўловчилари ҳисобланган юридик шахслар қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг ушбу бобда белгиланган соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқига эга эди.

Бундан олдин, президент ҚҚС ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга тушириш ҳақидаги фармонни имзолагани хабар қилинганди

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид