13:36 / 27.09.2019
0
6394

Ердан самарали фойдаланишда қандай муаммолар борлиги очиқланди

Вазирлар Маҳкамасининг “2020 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш, мавжуд ер майдонларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари ва маҳсулот етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжатда айтилишича, кейинги йилларда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритишнинг давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши, паст рентабелли, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудларда агрокластерларнинг ташкил этилиши ҳисобига республикамизда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг рақобатбардошлиги таъминланмоқда ва экспорт имкониятлари кенгаймоқда.

Шу билан бирга, соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотларга қарамасдан, ердан самарали фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш йўналишида бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлиги уларнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилмоқда. Хусусан:

қишлоқ хўжалиги ер майдонлари бўйича мавзули электрон хариталарнинг яратилмаганлиги ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришнинг сустлиги ҳамда қишлоқ хўжалик ерларида етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг турлари ва ҳажмлари бўйича электрон маълумотлар базасининг яратилмаганлиги мавжуд майдонларга қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш имкониятини пасайтирмоқда;

қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш агротехникаси, ер ва сув ресурсларидан фойдаланиш ҳолатини геоахборот тизими орқали мониторинг қилиш, ерни масофадан зондлаш тизимларидан кенг фойдаланишнинг йўлга қўйилмаганлиги соҳада ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш имкониятларини бермаяпти;

давлат хусусий-шерикчилик шартлари асосидаги уруғчилик кластерларини ташкил қилиш ва уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини жорий этилмаганлиги сабзавот-полиз экинлари жойлаштириладиган асосий ва такрорий майдонларга экинларни навлар бўйича жойлаштиришда қийинчиликлар туғдирмоқда;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари маркетинги бўйича ишончсиз маълумотларнинг мавжудлиги ва маркетинг тадқиқотлари натижалари асосида башоратлаш тизимининг такомиллашмаганлиги қишлоқ хўжалиги экинларини жаҳон бозори конъюнктураси талабларидан келиб чиқиб жойлаштириш имкониятларини пасайтирмоқда;

маҳаллий ҳокимликларнинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларни фойдаланишга киритиш бўйича инвесторларни жалб қилиш ишларига жиддий ёндашмаётганлиги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини ошириш ва экспортга чиқариш имкониятларини кенгайтиришга тўсиқ бўлмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top