12:22 / 28.09.2019
4
35095

Тошкент шаҳар ИИББ ЙПХ ва ППХ ходимларида бодикамералар ишга туширилди

Фото: ИИББ ахборот хизмати

2020 йилнинг бошидан ички ишлар органлари ходимларидан хизмат олиб бориш давомида бодикамералардан фойдаланишлари талаб этилади. Бироқ, жорий йилнинг 19 сентябридан пойтахт ИИББнинг 50 нафар ходими хизматга тест тартибида бодикамералар билан киришди (улар қаторида 32 нафар ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари ва 18 та патруль-пост хизмати ходимлари). 

ИИББ хабарига кўра, кейинчалик Тошкент шаҳар ички ишлар органларининг барча бўлинмалари, улар қаторида қўлга олинган, ҳибсга олинган ва айбланган шахсларни, шунингдек, маъмурий қамоқ қўлланилган шахсларни конвойлаш ва этаплаш билан шуғулланувчи ходимларнинг фаолиятида ҳам бодикамералардан фойдаланиш йўлга қўйилади. Шу тарзда кейинги йилнинг бошига қадар хизмат давомида бодикамераларни ишлатиш, маълумотларни мобиль узатиш, қайта ишлаш, сақлаш ва таҳлил қилиш, жараённи хизмат олиб бориш давомида назорат қилиш бўйича амалий кўникма ҳосил бўлади.    

Бодикамералар ҳақида нималарни билиш керак?

“Бодикамера” мосламаси аудио- ва видеоконтентни (FullHD форматида) ёзиш ва марказлашмаган тарзда сақлаш, кейинчалик кўриб чиқиш, фавқулодда вазиятларда марказлашган диспетчерлик хизматига “хавотир” сигналини етказиш, реал вақт режимида мобиль гуруҳларнинг жойлашувлари ва фаолиятларини масофадан туриб мониторинг қилиш имкониятини берувчи мосламадир. Қизиқарлиси, бодикамера мосламаси инфрақизил ёритиш қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, ушбу қурилма тунги вақтда ҳам ўн метрлик масофани ёритиб, видеога олиб бориш имкониятини беради.

Ходимда контентни ёзилиш жараёнига аралашиш, уни таҳрир қилиш ва ўчириш имконияти йўқ: камера, ходим уни қабул қилиш вақтидан бошлаб, қайтариб топширгунга қадар видеога олиб боради. Мослама корпуси очилмаслиги учун махсус ҳимоя билан жиҳозланган.

Шунингдек мослама ёрдамида радиоалоқага чиқиш имконияти бор.

Тошкент шаҳар ИИББ қошидаги Мониторинг маркази

Ёзувлар натижаси махсус серверда бир ой давомида сақланади. Бодикамераларни ишлатиш учун зарур бўлган ахборот тизимида мониторинг марказини ташкиллаштириш ҳам кўзда тутилган. Айнан ўша ерда бодикамералар томонидан қайд этилган маълумотлар сақланади ва кўриб чиқилади. Мосламанинг хотира картасидан серверга маълумотларни кўчириш, махсус дастурий таъминот томонидан WI-FI маълумотлар кўчириш симсиз тармоғи ёрдамида доимий дислокация жойига етиб келгач амалга оширилади (архивга сақлаш жараёни инсон аралашувисиз амалга ошади). Марказ операторида мосламага масофадан туриб боғланиш ва назорат қилиш имконияти мавжуд.       

Мониторинг марказидаги махсус электрон картада ҳар бир ходимнинг айни вақтда жойлашган манзили, ҳамда ушбу манзилнинг патруллаш йўналишига мувофиқлиги акс этади.

Бундан ташқари, шу ерда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ҳаракатлар координацияси амалга оширилади: мониторинг марказига автоматик тарзда гео-, аудио- ва видеомаълумотлар ёпиқ (ҳимояланган) алоқа каналлари орқали етказилиб турилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top